Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Мустқиллик” майдонида “Ёшлар ойлиги” тадбирларининг тантанали очилиш маросими ҳамда гала концерт бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбирда Ёшлар ишлари ишлари агентлиги директори А. Саъдуллаев бутун қорақалпоғистонлик ёшларни “Ёшлар куни” байрами билан самимий табриклади.
Маълумки, мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб, ҳар йили 30-июнь – “Ёшлар куни” сифатида кенг нишонлаб келинади. Шунингдек, мазкур санага тайёргарлик кўриш ва уни муносиб нишонлаш мақсадида ҳар йили июнь ойи – “Ёшлар ойлиги” сифатида ўтказилади. Ушбу ойлик доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида турли йўналишларда лойиҳа, танлов, спорт мусобақалари, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, кенг ёшлар қатлами қамраб олинади.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ушбу ойлик ҳар йили кўтаринки руҳда ўтказилиши анъанага айланган. Бу йил ҳам Оролбўйида “Ёшлар ойлиги” ўзгача шукуҳ ва кайфиятда ўтказилмоқда. Хусусан, ойлик доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 17 та шаҳар ва туманларда жами 470 та тадбир ва лойиҳа ўтказилиши белгиланган бўлиб, уларда 106 минг нафардан зиёд ёшни қамраб олиш режалаштирилган.

Анъанага айланган “Ёшлар куни” гала концертини бутун қорақалпоғистонликлар интиқлик билан кутади. Чунки эстрада юлдузлари ва таниқли диджейларнинг Қорақалпоғистонга ташрифи барчага бирдек манзур бўлади. Бу йил ҳам ушбу гала концертга жуда катта иштиёқ ва шижоат билан тайёргарлик кўрилди. Нукус шаҳри марказидаги “Мустақиллик” майдони ёшлар билан гавжум бўлди.

Марказий саҳна олдида Ёшлар ишлари агентлигининг бренд лойиҳалари “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз AI”, “Uzchess”, “Қизлар академияси” тарғиботи, шахмат, стол тенниси, каратэ, бокс, бадиий гимнастика сингари спорт ўйинлари, рассомлар кўргазмалари намойиш қилинди.

Шу билан бир қаторда, "Ёшлар овози" танлови республика босқичининг ғолиблари томонидан рақсбоп қўшиқлар ижро этилди. Концерт дастури якунида мушакбозлик томошалари ёшларга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Бундан ташқари, тенгдошлари орасида энг фаол ва илғор бўлган 5 нафар ёш қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

“Ёшлар ойлиги” доирасида ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, тинчлик ва осойишталикни қадрига етиш, шукроналик туйғуларини шакллантириш, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги тадбирлар шаҳар ва туманлар бўйлаб давом эттирилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири