Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйида туризмни ривожлантириш истиқболи
11:51 / 2025-11-04

Нукус шаҳрида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан “DMO Karakalpakstan” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистонда гастрономик туризмни ривожлантириш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Нукус шаҳридаги туристик ташкилотлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва ресторан бизнеси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда савдо ва гастрономик туризмни ривожлантиришга замонавий ёндашувлар, сайёҳларни жалб қилиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича илғор тажрибалар илгари сурилди. Амалий қисмда иштирокчилар қўлда ишланган гиламлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган “Айсанем Шоп”, қандолатчилик билан шуғулланадиган “Муҳаббат тортлари”, Кегейли туманидаги асаларичиликнинг шаҳар турларини лойиҳалаш ва тузиш жараёнини ўрганишди.

Семинарнинг иккинчи куни Нукус шаҳри бўйлаб сит-турларни ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга бағишланди. Унда иштирокчилар асосий туристик объектларни аниқлаш, янги йўналишларни ишлаб чиқиш ва уларнинг қийматини ҳисоблаш, халқаро мисоллар ва уларни маҳаллий шароитларга мослаштириш усуллари билан танишдилар.  

Турларни тарғиб қилиш ёндашувларини - онлайн платформалардан тортиб ташкилотлараро ҳамкорликкача ўрганиб чиқишди. Амалий қисмда “Тошкент” меҳмонхонаси, Оллоёр Дўстназаров номидаги маданият уйи ва боғ ёнидаги мозаикага ташриф буюрилди.  

Семинар давомида иштирокчилар Нукус шаҳри маркази бўйлаб мини-сити-турнинг дастлабки концепциясини ишлаб чиқишди ва шаҳар туризм инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлашди.

Якунловчи кун минтақавий иқтисодиётнинг истиқболли йўналиши сифатида гастрономик туризмни ривожлантиришга бағишланди. Иштирокчилар маҳаллий ошхона салоҳияти, гастрономик маршрутлар ва фестиваллар яратиш усуллари, шунингдек, ресторанлар, ҳунармандлар ва туроператорлар ўртасида ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилишди. Амалий қисмда иштирокчилар “Караван” ва “Қорақалпоқ чойхонаси” ресторанларига, шунингдек, Арбаши қишлоғига ташриф буюришиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолияти ва Қорақалпоқ пазандачилик анъаналарининг ўзига хос хусусиятлари билан танишдилар.

[gallery-26070]

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси “Баркамол авлод” болалар мактабларида ташкил этилган тўгараклар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва уларга ишлаб чиқаришни жорий этиш ҳамда замонавий маркетингни ривожлантириш мақсадида “Мактабдан ташқари таълим ташкилотларида ишлаб чиқаришни жорий этиш ва маркетингни ривожлантириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Германиядан Туризм ва минтақавий ривожланиш бўйича маслаҳатчи Эйке Отто йиғилганларга “Community-Based Tourism: Social Innovation” мавзусида тақдимот қилди.  

Тадбир иштирокчилари мактаблардаги тўгаракларини кўздан кечиришиб, уларда яратилган ноёб қўл меҳнатларини бир ҳудудга жамлаган ҳолда туристик зона ташкил этиш, туристларни жалб қилиш усули ва маркетингни тўғри ривожлантириш бўйича таклифлар билдиришди.

Ҳамкорликдаги уч кунлик семинар халқаро экспертлар ва маҳаллий мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, иштирокчиларнинг касбий компетенциясини ошириш, Оролбўйининг минтақанинг маданий, гастрономик ва тарихий салоҳиятини тарғиб қилишда муҳим қадам бўлди.

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА