Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйида “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” тадбирлари бошланди
19:49 / 2021-12-10

Ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатимиздаги янгиланишларга фаол жалб қилиш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” тадбирлари бошланди.

Жорий йилнинг 23 декабригача давом этадиган форумда Оролбўйининг барча ҳудудларида турли учрашувлар, кўрик-танловлар, маданий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларини ташкиллаштириш назарда тутилган. Уларда ёшлар фаол иштирок этиб, ҳар бир соҳада ўз қобилият ва маҳоратини намойиш этади.

[gallery-5033]

Форумнинг дастлабки лойиҳаси – талаба ёшлар ўртасида “Мунозара” интеллектуал турнирининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Оролбўйидаги барча олий таълим муассасаларидан жамоалар иштирок этган турнирда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамолари беллашди. Натижаларга кўра, Нукус давлат педагогика институтининг “Intellect” жамоаси ғолиб бўлиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Форум доирасида шунингдек ёш чавандозлар ўртасида жамоавий улоқ кўпкари ўйини, уюшмаган ёшлар ўртасида мини футбол бўйича “Маҳалла кубоги”, “Street workout” мусобақалари, “Зукко китобхон” интеллектуал танловининг финал босқичлари, йил якуни бўйича “Хошамет-2021” тақдирлаш маросими, “Ёшлар агентлиги кубоги” мусобақаси, “Ёш гросмейстерлар” мусобақаси финали, “Дуэл”, “Қувноқ ёшлар” танловлари, чекка ҳудуд ёшларининг музей ва театрларга саёҳати каби тадбирлар ўтказилади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА