Нукусда “Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан” шиори остида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда республика раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорлик ва инсон қадрини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо беришди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда касаба уюшмалари фаолияти ишончли ва халқчил тизимга айланмоқда. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ҳам кўпгина ишлар амалга оширилди. Ўтган беш йил ичида Давлат дастури доирасида корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида самарали ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жамоа шартномалари асосида кам таъминланган оилалар, ишловчи пенсионерлар, ногиронлиги бор шахслар, хотин-қизлар ва ёшларга, жами 69 минг 441 нафар ходимга 25 миллиард 665 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашига юридик ва жисмоний шахслардан жами 2 минг 648 та мурожаат келиб тушди. Улардан 1 минг 523 таси ёзма, 948 таси оғзаки, 84 таси электрон ва 93 таси ишонч телефони орқали қабул қилинди. Улардан 766 та мурожаат касаба уюшмалари таклифлари ва судларда кўриб чиқилиши натижасида тўлиқ қаноатлантирилди. Шу билан бирга, 1 минг 762 та мурожаат бўйича фуқароларга меҳнат ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш берилди, 63 та мурожаат эса тегишли ваколатли органларга юборилди. Бу жараёнлар натижасида мурожаатчилар фойдасига жами 6 миллиард 460 миллион 856 минг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, компенсациялар ва маънавий зарарлар ундириб берилди.
[gallery-26110]
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 57 минг 15 нафар ходим ва уларнинг оила аъзоларининг саёҳати ташкил этилди. Шундан, 34 минг 575 нафари Қорақалпоғистон ҳудудидаги диққатга сазовор жойларга, 22 минг 440 нафари эса мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига ташриф буюрди.
Қорақалпоғистонда касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш соҳасида ҳам катта ишлар қилинди. Ўтган йиллар давомида турли босқичларда 2 минг 160 та спорт мусобақаси ташкил этилди ва уларда 205 минг 916 нафар ишчи иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигига бағишлаб 460 минг 341 нафардан зиёд ишчи – ходим ва касаба уюшмалари фаоллари иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилди. Шу билан бирга, санаторийларда ижтимоий суғурта жамғармаси йўлланмалари ҳисобидан 5 минг 995 нафар ишчи соғломлаштирилди, шундан 1 минг 103 нафар ишчи-ходимга бепул йўлланма берилди. Қолаверса, касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 6 минг 914 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари ўз соғликларини тиклашга муваффақ бўлишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ва 2020 йил 8 октябрдаги 73-сонли мажлис баённомасининг 103-бандига мувофиқ, Бўзатов туманида замонавий санаторий қуриш вазифаси белгиланган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарлари томонидан 2023 йил 10 март куни санаторийнинг тамал тоши қўйилди ва жорий йилнинг 17 октябрида замонавий шароитларга эга 200 ўринли янги санаторий фойдаланишга топширилди. Бу халқимиз учун катта туҳфа бўлди.
Болаларнинг ёзги дам олиш ва соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Республикамиздаги 11 та стационар турдаги оромгоҳларида 37 минг 421 нафар бола дам олди. Шундан, 14 минг 459 нафари Оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилалар фарзандларидир. Шунингдек, 69 та маданият ва спорт майдончаларида 83 минг 753 нафар бола соғломлаштирилди. “Аёллар дафтари” тизими доирасида 6 босқичда жами 250 минг 831 нафар аёл-қизга ёрдам кўрсатилди.
Тадбир якунида меҳнат фидойилари ва соҳадаги фаоллар кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Улар юрт равнақи, халқ фаровонлиги ва меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги фидокорона хизматлари учун эътироф этилди.
— Бугун касаба уюшмалари фақатгина ташкилот эмас — балки халқ таянчи, меҳнаткашнинг суянчи, инсон қадрини улуғловчи кучга айланган ҳаракатдир. 120 йиллик йўл — бу меҳнат, бирдамлик ва халқ билан елкадошлик йўлидир.
Янги Ўзбекистонда касаба уюшмалари ана шу эзгу анъанани давом эттириб, халқ фаровонлиги ва юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилишни давом эттирмоқда, — дейди тадбир иштирокчиси, “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони соҳиби Қуўатбай Қадиримбетов.
Тантанали тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов ҳам иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА