Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйида илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилади
11:47 / 2025-09-08

Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, амалий тиббиётни илмий тамойиллар асосида такомиллаштириш орқали самарали тиббий ёрдам кўрсатиш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан Оролбўйида илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этиш белгиланган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида мазкур академия қурилиши бўйича амалий ишлар бошланди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов иштирок этиб, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий илмий-амалий марказини ташкил этишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, мазкур академия Оролбўйи минтақасида барча тиббиёт муассасалари ҳамда тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасалари учун келишув асосида амалий кўникмаларни шакллантирадиган ўқув-симуляцион база сифатида фаолият юритади. Шунингдек тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, уларнинг касбий билимлари ва амалий кўникмаларини мунтазам равишда ривожлантириш учун қўшимча ўқув-симуляцион ускуналар билан жиҳозланади.

Янги илмий-амалий тиббиёт академияси нафақат юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, балки аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришда, ҳудудда тиббиёт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ёш мутахассислар учун кенг имкониятлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири