Президентимизнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бешинчи устувор йўналиш сифатида экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш вазифалари белгилаб берилган эди.
Хусусан, чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 115 минг гектар ҳудудда дарахт ва буталар экиш режалаштирилди.
Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб Орол денгизининг қуриган ҳудудларида ҳосил бўлган қум барханларини ўсимлик дунёси билан қоплашга қаратилган давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш мақсадида экологик акция ташкил этилди.
Тадбирда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, “Ёш экологлар” қаноти фаоллари ҳамда “Экология ва саломатлик” аёллар клуби аъзолари иштирок этди.
Экоакцияда партиянинг вилоят кенгаши ташаббуси билан Хоразмда етиштирилган саксовул уруғлари ва кўчатлари Мўйноқ туманида ташкил этилган махсус штабга топширилди.
– Мазкур саъй-ҳаракатлар Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлаш, тупроқ эрозиясини камайтириш ва чанг-тўзонларнинг олдини олишга қаратилган, – дейди партиянинг Янгибозор туман кенгаши раиси Бахтиёр Қаландаров. – Бундан ташқари, ёшларни ўзимиз билан бу ерга олиб келишимиздан мақсад уларнинг экология ва атроф-муҳитга қилинган ёмон муносабатнинг оқибатларини ўз кўзлари билан кўриши, Она табиатни ҳар доим асраб-авайлаш керак эканлигини тушунтиришдан иборат.
Акция доирасида Бадайтўқай давлат қўриқхонасига экскурсия ташкил қилинди.
1971 йилда ташкил этилган ушбу қўриқхона Амударёнинг ўнг қирғоғида, Султон Увайс тоғлари этакларида жойлашган бўлиб, ноёб тўқай ўрмонлари ва бой ҳайвонот дунёсига эга. Ҳудуд Ўзбекистоннинг экологик хилма-хиллигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-27765]
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Оролбўйининг фожиали тарихини ўзида акс эттирган “Кемалар қабристони” ҳамда “Орол денгизи” музейига саёҳат қилди. 1984 йилда ташкил этилган музейда Орол денгизининг тарихи, балиқчилик саноати ва маҳаллий аҳоли турмуш тарзига оид 200 дан ортиқ экспонатлар жамланган.
Маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган тубида 5,5 миллион гектар майдонни эгаллаган Аралкум чўллари шаклланган. Ушбу ҳудуддан йилига тахминан 100 миллион тоннагача туз, чанг ва қум атмосферага кўтарилиб, атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказмоқда.
Ўтказилган ушбу акция эса аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда Оролбўйи ҳудудида барқарор яшил муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (cурат), ЎзА мухбирлари