Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйида экилаётган павлониядан, танаффусни кечирмаган тарбиягача: матбуотда нима гап?
13:15 / 2021-08-19

Замоннинг тезкор, воқеа-ҳодисаларнинг кўп ва ранг-баранглиги кишини ахборот олами билан яшашга, янгиликлардан вақтида бохабар бўлиб боришга ундайди.

Бехабарлик – ҳаётга бефарқлик, ундан ортда қолишлик, дегани. Бугун ахборот олиш воситалари етарли, аммо узатилаётган хабар, ахборотларнинг ишончлилиги нуқтаи назаридан кундалик газеталар – матбуотнинг ўрни ўзгача эканини таъкидлаш лозим.

"Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонини кўздан кечирар экансиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ишончим комилки, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз. Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади" деган сўзлари газета мазмун-моҳиятини белгилаб турганини ҳис этасиз. "Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган", "Ренессанс яратадиган авлодни тарбиялашга кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади", "Биз ойдин йўлдамиз", "Буюк ўзбек йўлида янги дастурий ҳужжат" мақолалари фикримизга далилдир. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг "Ҳужжатлар ва топшириқлар ижросини таъминлашда вилоят – туман – қишлоқ – маҳалла асосида ишлаш тизими: амалиёт ва самара" ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг "Халқимиз манфаатлари ва хоҳиш-иродаси кўзланган ислоҳотлар фаолиятимиз мезони бўлади" саҳифалари газетхон эътиборини ўзига тортади. Газетанинг сўнгги саҳифасидан ўрин олган "Ислоҳотларнинг ширин меваси ёхуд буюк аждодларимизнинг асарларини энди ўзбек тилида ўқиймиз" мақоласи ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

"Халқ сўзи"да "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида бир қатор муҳим, долзарб мақолалар эълон қилинган. Жумладан, "Улуғвор ислоҳотларимизнинг юксак таҳлили", "Таълим ва илм-фан тараққиёти учинчи ренессансга пойдевор", "Йўллар обод, кўнгиллар обод", "Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган кодекс БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди", "Округ сайлов комиссиялари аъзолари ўқитилмоқда" каби мақолалар бугунги муҳим ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида сўз юритади...

"ХХI ASR” нинг бугунги сони ўқувчига илиқ таассурот қолдиради. "Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектлари давлат тарафидан лицензияланмаган ҳолда ишлашига имкон яратилади", "Муваффақиятнинг бош омили – таъсирчан тарғибот", "Миллатни емирувчи иллат..." каби мақолалар ўқувчи эътиборини тортади. "Кўнгилларда акс этган зиё", "Уйи бузилаётган аёл 11 йилдан буён идорама-идора сарсон", "Эркин Аъзам боғи" ва "Қочган ҳам, қувган ҳам..." Шу сўзни айтадиган кунларга етиб келдикми?" каби мақолаларда жамиятнинг ағриқли нуқталари ҳақида сўз юритиладики, газетхонни бефарқ қолдирмайди.

"Ишонч"нинг бугунги сонида берилган эътиборга молик мақолалардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг "Шавкат Мирзиёев феномени" мақоласидир. Унда муаллифнинг давлат раҳбарининг "Янги Ўзбекистон" газетаси бош муҳаррири билан бўлган суҳбатга муносабати ўз аксини топган. Газета саҳифаларидан ўрин олган "Аёллар ҳаётдан рози бўлсин!", "Муроса йўли ёхуд медиация бизга қанчалик муҳим?", "Оролбўйида павлония экиш оммавийлашади(ми?) каби мақолалар ҳам долзарб ва муҳимлиги билан газетхон эътиборида бўлади.

"Жамият" ни варақлаб туриб жамиятимиздаги "оғриқларни" ҳис этгандек бўласиз. "Ҳоким ва прокурор келишолмаётганмиш... Зарафшонда нима гап?" мақоласини номиёқ ўқувчи диққатини ўзига тортади. Мақолани ўқиган газетхон албатта яна бир бор ҳушёр тортади. "Маънавий бўшлиқ... У қаердан бошланади?" мақоласи ҳам ўқишга арзийдиган мақола. Азалий муаммо – "Ажралишлар сабабчиси қайнона!" мақоласида оиладаги ажримлар, унда қайноналарнинг ҳам яхшигина "улуши" бўлаётганидан хабар беради. Газетадан ўрин олган "Тарбия танаффусни кечирмайди", "Аҳмад Зоҳир нимадан қўрққан?", "Отингиз нима?" каби мақолалар ҳам ўқувчи учун қизиқ...

"Қишлоқ ҳаёти" газетасида берилган "Ишга марҳамат мономаркази очилди", "Навоийлик сайловчиларнинг 190 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади", "Юрт равнақига ҳисса қўшайлик!" каби мақолаларда бугунги кунимизнинг муҳим масалалари таҳлил қилинади. "Фермерлик ҳаракати: жараёндан ривожланиш босқичига ўтди" мақоласида бугунги ер эгаси ҳаётидан сўз юритилади...

Газеталарни ўқинг, бугунги кун ҳавосидан нафас олинг...

 

А.Нарзуллоев, ЎзА