Қорақалпоғистон Республикасида ҳам яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўзи олам кенг нишонланмоқда.
Нукус шаҳридаги Ёшлар маркази ҳамда И.Савицкий номли Қорақалпоқ давлат санъат музейи ёнидаги байрамона безатилган хиёбонларда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида театрлаштирилган адабий-мусиқий байрам тадбири бўлиб ўтди.Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокчилар ва меҳмонларни Наврўзи олам билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, асрлар давомида такомиллашган Наврўз - бу халқимизнинг гўзал қадриятларини ўзида мужассам этган, ота-боболаримиздан бебаҳо мерос сифатида эъзозланиб келинаётган миллий байрам сифатида қалбимиздан теран ўрин эгаллайди. Айниқса, сўнгги йиллари гўзаллик, тириклик ва уйғониш фасли сифатида барчаорзиқиб, соғиниб кутадиган том маънодаги халқчил байрамга айланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган махсус қарор асосида жорий йилги байрам мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда. Албатта, бунда теран маъно бор. Чунки, улуснинг улуғ куни – Наврўз байрами инсонлар ўртасида хайр-саховат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни асрлар давомида такомиллашган дастурларимиз билан миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Cўнгги йиллари Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинаётган фармон, қарор ва давлат дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, инфратузилмавий шарт-шароитларни яратиб бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида 289 та объектда деярли 300 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида оғир турмуш шароитидаги 21 мингдан зиёд оиланинг уй-жойини таъмирлаш ҳамда янгидан қуриш, шунингдек, тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Мана шундай эътибор натижасида ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш борасида ўтган йилнинг ўзида Нукус шаҳрида, Беруний, Кегейли, Қўнғирот, Мўйноқ туманларида йирик лойиҳалар ишга туширилди.
[gallery-11072]
Концерт дастури Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти М.Сапаеванинг ижросидаги “Келдингми, баҳор” композицияси билан бошланди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими, “Мақом” ансамбли, шаҳар ва туман маданият бўлимлари артистлари ҳамда раққосалари, олий ўқув юртлари талабалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, қиз йигитлар айтишуви, турли миллат вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга файз бағишлади. Байрам тадбирлари доирасида турли спорт мусобақалари ҳамда хайрия акциялари ўтказилиб, миллий кийимлар, ҳунармандлар маҳсулотлари ва рассомлар кўргазмалари ташкил этилди.
Яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзга бағишланган байрам тадбирлари Оролбўйининг барча туманларида давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА