Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг 25-ялпи мажлиси кун тартибига киритилган қонунлар кўриб чиқилди.
Жумладан, “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун алоҳида муҳокама қилинди.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилишда зараркунандаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашади.
Шунингдек, Қўмита мажлисида “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун батафсил кўриб чиқилди. Қонуннинг қабул қилиниши аввало, соҳани барқарор ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий база яратилишига ҳамда сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомни кучайтириш орқали носозликлар оқибатида ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинишига хизмат қилади.
Истеъмолчилар томонидан ичимлик ва оқова сув қувурларига ноқонуний уланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар натижадорлиги ошишига, истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида очиқ ва тенг ҳуқуқли механизмлар жорий этилишига замин яратади.
Қўмита мажлисида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш мақсади атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш атроф табиий муҳитни кузатиш, ифлосланиш даражасини прогнозлаш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф-муҳитга таъсири мониторингини амалга ошириш мақсадида давлат экологик мониторинги ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати шакллантирилган.
Унга асосан атроф-муҳит мониторинги доирасида ҳудудий таҳлил лабораториялари томонидан 385 та корхонанинг 1160 та манбаларида мониторинг амалга оширилиб, мониторинг натижаларига кўра 80 та объектнинг 110 та манбаларида меъёрдан ортган ҳолатлар кузатилган.
Чиқиндилар билан ишлаш соҳасида Андижон вилоятида 7 та ва Тошкент вилоятида 1 та умумий қиймати 245,1 млрд. сўм бўлган маиший чиқиндиларни ташиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган.
Шу билан бирга, Қўмита мажлисида Оролбўйи минтақасида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти ҳам эшитилди.
Таъкидланганидек, Оролбўйи ҳудудида метеорологик кузатишлар ва атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш тизимини автоматлаштириш бўйича “Оролбўйи минтақасида автоматик кузатиш пунктларини татбиқ этиш йўли билан экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш” паспорти лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ҳудуддаги ер ости сув мониторинги кузатув қудуқлари ҳолати ўрганилиб, 30 таси қайд этилган ускуналарни ўрнатиш учун танлаб олинган ва Чимбой туманидаги 5 та гуруҳли сув олиш иншоотларида мавжуд бўлган 22 та кузатув қудуқларига, Кегейли туманида 1 та гуруҳли сув олиш иншоотидаги 4 та, Нукус туманида 1 та гуруҳли сув олиш иншоотидаги 3 та ҳамда махсус минтақавий кузатув қудуғига 1 та ўрнатилган ва кузатув ишларига жорий қилинган.
[gallery-6830]
Оролбўйи минтақасида чуқур артезиан қудуқлар бурғилаш орқали қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликнинг сув таъминотини яхшилаш ва ривожлантириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ, Чимбой, Тахтакўпир ва Қораўзак туманлари ҳокимликлари билан биргаликда ер ости сувлари ҳисобига фойдаланишга киритилиши мумкин бўлган жами 11 та ҳудуд бўйича 1 210 гектар майдон аниқланган.
Қорақалпоғистон Республикасида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимликларнинг 11 тури, ҳайвонларнинг 75 тури аниқланган.
Оролбўйи ҳудудида 250 гектар майдонда доривор годжи, лаванда ва наъматак ўсимликлари парваришланиб, доривор ўсимликлар плантациясини барпо этилмоқда.
Оролбўйи миллий табиат боғи бошқарувига инновацион ёндашувларни жорий этишда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Оролбўйи атрофида асал ўрмонлари барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, мажлисда мазкур масалада айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этиб ўтилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида Қизилмия илдизини қайта ишлаш чиқиндилари ва бошқа қишлоқ хўжалик органик қолдиқларидан брикет ва гранула ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳасини ҳозирги кунга қадар молиялаштириш масаласи охирига етказилмаган.
Қўмита мажлисида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА