Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Мактабгача таълим вазирлиги билан 203 та тадбиркорлик субъекти ўртасида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш учун икки томонлама битим тузилди.
Бунинг натижасида 3-7 ёшдаги 5075 нафар болани қамраб олишга эришилди. Шунингдек 406 нафар ёш ходим доимий иш билан таъминланди. Жорий йилнинг 1 июл кунига 182 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз иш фаолиятини бошлади, 21 таси ишга тушиш арафасида.
Мазкур оилавий боғчаларнинг асосий қисми Оролбўйининг чекка ҳудудларида, болалар боғчаси мавжуд бўлмаган фуқаролар йиғинларида ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватга қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчи ёллашга рухсат берилиши белгиланди.

Мазкур қарор билан фаолият юритаётган ва янги ташкил этиладиган оилавий мактабгача таълим ташкилотлари қувватини 50 нафаргача ошириш ҳамда 11 та (умумий қуввати 1145) давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш орқали 2021 йилда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичини 75,5 фоизга етказиш режалаштирилган
Довуд Абибуллаев, ЎзА