Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
16:00 / 2021-03-31

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкил этилган Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитасининг иккинчи йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва донорлик ёрдамини мувофиқлаштиришдан иборат.

Маслаҳат қўмитаси БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси ташаббуси билан барча кўп ва икки томонлама шерикларни бирлаштирадиган, шунингдек, Орол денгизи минтақасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштирадиган ягона платформа сифатида ташкил этилган.

Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ҳамраислик қилдилар.

Учрашувда хорижий давлатлар, БМТ агентликлари, молия институтлари, халқаро жамоатчилик ва илмий муассасалар, хайрия жамғармалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг 140 га яқин вакили иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони Оролбўйи минтақасининг экологик мувозанати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун кўп томонлама “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш Концепциясини тақдим этди.

Ҳужжат Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича хорижий ва халқаро ҳамкорлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш, шунингдек, Оролбўйи аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун ресурсларни сафарбар этиш ҳамда мазкур ўзгаришларни самарали мониторинг қилиб боришда мувофиқлаштирилган ёндашувни жорий этишни таъминлашга мўлжалланган.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) вакиллари ҳудудда аниқ амалий натижаларга эришиш учун “Йўл харитаси”ни самарали рўёбга чиқариш механизми юзасидан ўз фикрларини баён этди.

Мутахассислар “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга оширишда муваффақиятга эришишнинг муҳим омили сифатида тараққиёт бўйича хорижий ва халқаро ҳамкорларнинг кенг доирасини учта ишчи гуруҳ, яъни барқарор инвестициялар, маълумотлар ва баҳолар, шунингдек, хабардорликни ошириш йўналишлари бўйича жалб этиш лозимлиги хусусида якдил фикрга келдилар.

Учрашув давомида Траст жамғармаси томонидан молиялаштириладиган амалдаги қўшма дастурлар доирасида эришилган натижалар ҳақида БМТ агентликларининг маълумоти тингланди.

Ҳозирги вақтда Траст жамғармаси томонидан 5та, хусусан, аҳолини тоза ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, перинатал ёрдам сифатини ошириш ва бундай хизмат кўламини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида инновацион ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларида санитария шароитини яхшилаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳалар молиялаштирилгани маълум қилинди.

Шунингдек, бугунги кунга келиб, ҳудуддаги бешта аҳоли яшаш пунктида истиқомат қилувчиларнинг қарийб 3500 нафари тоза ичимлик суви билан таъминлангани, Қўнғирот ва Беруний туманларида инфратузилма яхшиланиб, туғруқхоналарга янги ускуналар ўрнатилгани, Нукус шаҳри перинатал марказида эса 9000 га яқин она ва яна шунча янги туғилган чақалоқ юқори сифатли перинатал хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлгани маълум қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича ишлар, Орол денгизи қуриган тубининг фауна ва флорасини ўрганиш ва бошқа йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Яқин келажакда Траст жамғармаси маблағи ҳисобидан молиялаштириш учун янги лойиҳаларни саралаш бўйича учинчи танлов эълон қилиниши кутилмоқда. Муҳокама чоғида тараққиёт бўйича халқаро ҳамкорлар, шунингдек, Ўзбекистон вазирлик, идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини янада мустаҳкамлаш юзасидан ўз тавсияларини тақдим этдилар.