Бугунги кунда Оролбўйи минтақасида “Яшил қопламалар” майдонларини кенгайтириш, шунингдек, ўрмон фонди ерларида флора ва фаунани сақлаб қолиш ҳамда табиатга зарар етказмаган ҳолда эко ва ов туризмини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Орол денгизининг қуриган тубида чўл ўсимликларини экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида глобал экологик муаммонинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий яшаш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Миллий матбуот марказида мутасаддилар иштирокидаги матбуот анжуманида соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.
Мутахассислар маълумотига кўра, 2018-2021 йилларда Мўйноқ туманидаги ўрмон хўжаликлари ишчи-ходимлари ва аҳоли томонидан 5,8 минг тонна саксовул ва чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди. Амалга оширилган ишлар натижасида жами 1 миллион 525 минг гектар, шундан 1 миллион 456 минг гектар майдонда уруғдан ва 69 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг кўчатидан “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Йилига ўртача 150 гектар майдонда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди.
Шунингдек, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида кейинги беш йилликда 1 миллион гектар “яшил қопламалар” барпо этиш белгиланган. Жумладан, 2022 йил давомида жами 100 минг гектарлик майдоннинг 95 минг гектарига саксовул, қандим ва 5 минг гектарига қорабуроқ чўл ўсимликларининг турларидан “яшил қоплама”лар барпо этиш кўзда тутилган. Жами 380 тонна уруғ сарфланади. 5 миллион дона саксовул кўчатлари экилади. Камида 100 гектар майдонда чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилади.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Жиззах вилояти Зомин туманида, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри Чўпонота массивида ҳамда бошқа ҳудудларда тупроқ-иқлим шароитга мос кўчатлар экилмоқда. Бундан ташқари, автомобиль ва темир йўл атрофлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудлар кўкаламзорлаштирилмоқда.

2021 йилда тизим ўрмон хўжаликларида 5000 гектар майдонда доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари ташкил этилди. Доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар хом ашёсини тайёрлаш ҳажми 8000 тоннага етказилди. Маданий ҳолда етиштириладиган турлари 64 тага етказилди. Бугунги кунда тизимдаги ўрмон хўжаликлари томонидан 1 минг 640 гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА