Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оролбўйи флора ва фаунасини тиклаш жараёнига халқаро экспертлар юқори баҳо бермоқда
12:50 / 2022-02-25

Ўбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуриши оқибатини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни халқаро даражада қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик дипломатлар ва «UN Foundation» - «БМТ жамғармаси» хайрия ташкилоти катта вице-президенти Питер Йэо ўртасида кечган музокара чоғида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболи кўриб чиқилди.

Жамғарма раҳбариятига Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, иқлим ўзгариши ва денгиз қуриши оқибатини юмшатиш, Қорақалпоғистон аҳолисининг экологик, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва турмуш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланишининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида ушбу масалага бир неча бор тўхталгани, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сургани алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.

Мамлакатимиз ҳукумати дунёдаги энг жиддий экологик офатлардан бирининг салбий оқибатини камайтириш бўйича сезиларли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубидаги 1,5 миллион гектар майдонда ўрмонзор ташкил этилди. Жорий йил қўшимча 100 минг гектар майдонга чўл ўсимлиги экиш режалаштирилган.

Ўз навбатида Питер Йэо Ўзбекистон томонидан Оролбўйи флораси ва фаунасини тиклаш ва маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Глобал донорлар ҳамжамияти ва АҚШ хусусий секторининг Қорақалпоғистонда, жумладан, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди доирасида лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини рағбатлантиришга тайёр эканини билдирди. Хусусан, ҳосилдорликни ошириш ва сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, қурғоқчилик ва тупроқ шўрланишига чидамли ем-хашак етиштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг янги мослаштирилган навларини яратиш мақсадида минтақада янги технологиялар ва ноу-хаулар жорий этиш юзасидан жамғарма билан ҳамкорлик қилиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Бундан ташқари БМТ жамғармаси вакили томонидан Термиз шаҳридаги логистика марказининг ташкилотга ва ҳамкор тузилмаларга Афғонистонда давом этаётган гуманитар инқироздан зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказиш имкониятини ўрганишга ҳам қизиқиш билдирди.

Жаноб Йэо, шунингдек, 2022 йил апрель ойида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар, эришилаётган муваффақиятлар билан танишиш учун Жамғарма делегацияси ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси тегишли қўмиталари аъзолари билан бирга республикамизга келиш ниятини маълум қилди. Сафар давомида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш стратегияси доирасида юртимизда амалга оширилган ишлар билан танишиш ҳам режалаштирилган.

1998 йил ташкил этилган «UN Foundation» қароргоҳи Вашингтон шаҳрида жойлашган. Ушбу халқаро хайрия ташкилотининг асосий фаолияти барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши, глобал соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда давлатларни БМТ томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш учун маблағ йиғиш, ташаббус, кампания, давлат-хусусий шериклиги, жамоалар ва касаба уюшмаларини тарғиб қилишга қаратилган. Жамғарма турли хил хайрия, корпоратив, ҳукумат ва хусусий донорлар томонидан қўллаб-қувватланади.

ЎзА