Орол тубини кўкаламзорлаштириш бўйича янги ташаббус
Бир вақтлар катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи кўл ҳисобланган Орол ўз атрофида фаровон ҳаёт шароитини таъминлаган жўшқин экотизим макони эди.
Тошкентда 11 март куни БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳузуридаги Акселератор Лаборатория томонидан Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Green Aral Sea” краудфондинг ташаббусига старт берилди.
Денгизнинг қуриган тубидаги 100 гектар майдонга 100 минг туп саксовул кўчати экишни назарда тутувчи мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад – Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, ҳудудда яшовчи аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳисса қўшишдан иборат.
Бир вақтлар катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи кўл ҳисобланган Орол ўз атрофида фаровон ҳаёт шароитини таъминлаган жўшқин экотизим макони эди. Афсуски, бугунги кунга келиб денгиз ўз ҳажмининг 90 фоизини йўқотди. Фалокат аҳоли ҳаёти, соғлиғи, иқтисодиёт ва ҳудуддаги биологик хилма-хилликка путур етказди.
Шу боис ушбу фожиадан халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини оширган ҳолда, ҳосил бўлган чўлни тегишли халқаро ташкилотлар ёрдамида саксовулзор билан қоплаш долзарб масалага айланган.
Мазкур ташаббус икки ўзаро боғлиқ мақсадга эга. Биринчидан, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида глобал ва миллий миқёсда хабардорликни ошириш, иккинчидан, Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатларга стратегик ҳисса қўша олиш салоҳиятига эга муқобил молиялаштириш воситаларини қўллаш лозим.
Айни чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, қуриган денгиз тубида яшил ўрмон ҳудудини кенгайтиришдан ташқари, биологик хилма-хилликни ошириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва барқарор даромад олишнинг янги манбаларини яратиш ҳам кўзда тутилган.
– Орол тубини кўкаламзорлаштириш бўйича ишлар 2018 йилнинг декабрида бошланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жусипбек Казбеков. – Ўтган йили 461 минг гектар жойга саксовул экилди. Бир миллион икки юз гектар майдон кўчат экишга тайёрланди. Ушбу хайрли юмушга Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан мингдан зиёд одам ҳашарга келди, 500 дан ортиқ техника, жумладан, 7 та АН-2 самолёти жалб қилинди. Бу йил 700 минг гектар ерга саксовул экиш режалаштирилган. Ҳозиргача 680 минг гектар майдон кўчат ўтқазиш учун тайёрланди. Бу йилги жараёнда икки ярим минг киши, мингга яқин техника воситаси, тўртта самолёт банд. 16 минг гектар майдонга саксовул дельтаплан ёрдамида экилди. Бугундан БМТ Тараққиёт Дастури томонидан 100 гектар майдонга 100 минг туп саксовул экиш бўйича синов лойиҳаси ишга тушмоқда.
Лойиҳанинг олдингиларидан фарқи шундаки, энди Орол тубини кўкаламзорлаштиришни молиялаштиришнинг муқобил йўллари жорий қилина бошланди. Бунда ташкилотлар, компаниялар, бизнес тузилмалари ва ҳатто, жисмоний шахслар ўз маблағлари билан иштирок этиши мумкин.
– Бизнинг асосий вазифамиз Орол бўйини яшил ҳудудга айлантириш орқали Ўзбекистонга кўмаклашиш, – дейди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска. – Мазкур лойиҳа доирасида муаммони ҳал этишга инновацион ёндашиш баробарида, Орол бўйини яшиллаштириш ишларини молиялаштиришнинг муқобил йўлларини ишлаб чиқишдир. Масалан, краудфонд ёндашуви айнан шу ташаббус доирасида илк бор қўлланилмоқда. Бунда ҳар қандай шахс ёки ташкилот, компания ёки бизнес тузилмалари ўз маблағи билан мазкур лойиҳани амалга оширишда иштирок этиши мумкин. Зеро, бугун сарфланаётган ҳар бир доллар ёки юз минг сўм, бир туп кўчат экиш ва уни парваришлаш дегани. БМТ Тараққиёт Дастури ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун, аллақачон ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликни бошлаб юборган.
Ташаббус Оролбўйи ҳудудининг мураккаб ва ўзаро алоқадор муаммоларига комплекс ёндашувнинг бир қисми бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу ҳудудни экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. Шунга биноан, ҳудудда кенг миқёсли инновацион ўзгаришлар олға сурилмоқда. Демак, мазкур ташаббус бу борада Ўзбекистон учун ўзаро мувофиқлаштирилган кўмак бўлиши шубҳасиз.
Тадбирда кўплаб компаниялар, жисмоний шахслар лойиҳага қўшилишига умид билдирилди.