Бугунги кунда сув ресурсларини бошқариш, чўлланиш жараёнларини камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш йўналишида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан Амударё дельтаси ва Оролбўйи ҳудудларида сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Орол денгизи атрофида Жилтирбас, Судочье, Дарё оралиғи, Мўйноқ қўлтиғи, Мақпал кўл, Зокир кўл, Майпост ва Рыбачье кўллари мавжуд бўлиб, бу кўллар она табиатимиз кўрки бўлган ҳайвонот ва қушлар дунёсининг макон тутиши, чорвачилик ва балиқчилик, овчиликнинг ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Мазкур лойиҳалар қаторида Дарё оралиғи, Рыбачье кўли, Мақпал кўл, Мўйноқ канали ва бошқа ҳудудларда сув оқимини тартибга солишга қаратилган муҳим инфратузилма ишларини таъкидлаш мумкин. Бу ишлар дамбалар, сув чиқариш иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш, яшил қопламаларни кенгайтиришни ўз ичига олади.

2025 – 2027 йилларда Мақпал кўлда дамба ва сув чиқариш иншоотини қуриш ҳамда Даркеш ўзанини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу лойиҳа Амударё дельтаси ва Оролбўйи ҳудуди сув режимини барқарорлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар сирасига киради.
2023-2024 йилларда эса, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза-II” лойиҳаси амалга оширилди. Умумий қиймати 18 миллиард доллар бўлган лойиҳа Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилган заҳарли аэрозолларнинг туз ва чангларни ушлаб қолувчи буфер ҳудуд вазифасини бажариб, Оролбўйи биоресурсининг табиий унумдорлигини ошириш ва биологик хилма-хиллигини сақлаб қолиш, сув юзаси майдонининг кенгайиши ва ҳудуднинг намланиши ҳисобига экологик муаммоларга ечим топишга йўналтирилган.
Шу билан бирга, Оролбўйи ҳудудининг экологик тикланишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш давом этмоқда. Бу каби ишларнинг олиб борилиши натижасида Ахантай ҳудудида маҳаллий дарахт-бута ўсимликларидан иборат ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди.

Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 3,2 миллиард сўмни ташкил этиб, унинг доирасида Мўйноқ туманидан 20 километр шимоли-шарқда жойлашган ҳудудда 11,6 минг гектар майдонда ўрмон-мелиоратив тадбирлар тўлиқ амалга оширилди ҳамда объект 2024 йилда фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Оққум ҳудудида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш бўйича 1-босқич ишлари якунланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 миллиард сўмни ташкил этиб, мазкур босқич доирасида 2 минг 82 гектар майдонда ўрмон-мелиоратив ишлари бажарилди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади туз ва чангнинг Мўйноқ шаҳри ҳамда унинг атрофидаги ҳудудларга кириб келишининг олдини олиш, Қоражар аҳоли пунктига, шу билан бирга уларга яқин жойлашган ҳудудларга, халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли фойдаланиладиган ерларнинг Рамсар рўйхатига киритилган Судочье кўлига тушишига йўл қўймасликдан иборат.
Амалга оширилаётган лойиҳалар сув режимини барқарорлаштириш билан бир қаторда Оролбўйидаги кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.