Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Орол соғинчи
18:47 / 2022-07-14

Баллада

 

Борлиқ ҳаловатда,

Само-да сокин,

Орол нафас олар эртани ўйлаб.

Нурафшон кунларга йўл олган секин,

Кўнглига минг турли орзулар жойлаб...

Ногоҳон авзойи бузилди кўкнинг,

Бирдан етиб келди дарғазаб шамол.

Эртаю бугундан умиди йўқнинг

Ўйин бошлагани шудир, эҳтимол.

Нима у юракка бехос қадалган,

Ўтганлар руҳининг чирқиллашими?

Қақраган вужудин жунубушга солган,

Тасодиф ғалванинг ғам-ташвишими?

Сарғайган киприги намланди бирдан,

Кўзёшми, ёмғирми, билмас эди у.

Фитна хабарлари келар ҳар ердан,

Оролнинг кўнглига солганча қутқу.

Бошин қуйи эгиб, жим қолди шўрлик,

Йиғлар саксовулга зўрға осилиб.

Урчиб кетмасин деб жаҳолат, зўрлик,

Мен ҳам йиғлар эдим унга қўшилиб...

Шу дам хаёлимда жонланар мозий,

У ҳам шулар ҳақда ўй сурар чоғи:

Чангалин солдими ғаламис, осий,

Қайларга йўқолди яшил гулбоғи?

Қарасам Оролнинг кўз ёши чак-чак

Томарди хотира ўртаб жонимни.

Умрига қасд этди золим гулпечак,

Ёмон куйдирганди хонумонини...

Бир пайт мовий эди, қандай зўр эди,

Мавжланган тўлқини сачрар осмонга.

Бироқ ҳардамхаёл, анча ғўр эди,

У сиғмай қолганди манфур замонга...

Унда зарра айб йўқ, этишган мажбур

“Одил шўро”ларнинг зулми, аъмоли.

Шундан бери дилим нотинч, беҳузур,

Усиз хира тортди борлиқ жамоли.

Чекинди,

Ўрнини олди қумденгиз,

Кўз очирмай қўйди беҳад тўзони.

Риёлар...

Жафолар ортди-ку тенгсиз,

Ғуборлар қоплади биллур ҳавони.

Шўрлик йиғлаб-йиғлаб яна кичрайди,

Аҳволин сўрарга кимса бўлмади.

Бахтсизнинг йўлида ким ҳам учрайди,

Қирғоғи чекинди, вале ўлмади.

Абадий ҳақиқат: тундан сўнг тонг бор,

Ширин мева берар қаноат, бардош —

Яна тонглар отди — мовий, беғубор.

Яна нурлар сочди меҳрибон қуёш.

Яхшилар у томон узатдилар қўл,

Қум-саҳро ўрнида яшил боғ бўлди.

Яна қувнаб қолди ғариб Оролкўл,

Бечора денгизнинг кўнгли чоғ бўлди.

Қанча улуғ ишлар чиқди амалга,

Бутун Ўзбекистон бошида гирён.

Орол ўлмагайдир энди сал-палга,

Қум-бархан  ўрнида бўй чўзар ўрмон.

Обод бўлди бугун кент, овуллари,

Бошида турибди элпарвар инсон.

Энди кор қилмагай қум довуллари,

Унга кулиб боқди чиндан ҳам замон.

Ҳар бир манзилида қайнайди ҳаёт,

Одамлар юзига инди табассум.

Оролим, бир ишдан огоҳ бўл фақат,

Дунёда ўйин кўп жудаям машъум...

Қаддингни кўтариб, нафас ростлаб сал,

Орзу-умид билан боқсанг самога.

Қадалган ниҳоллар тутганда амал,

Кўз тегдими, дейман сендек маъвога.

Булбуллар овози қайтиб маконга,

Чайқалиб-чайқалиб солланар боғлар.

Қумликлар йўл берган чоғда чаманга,

Қайдан келиб қолди қузғуну зоғлар.

Дунё, айт,

айт ахир, нега шу дамда,

Руҳимда кезмоқда ғалат бир ўкинч:

Нелар юз бермоқда бу кун оламда,

Қай бир юрт таланган, қай бири нотинч?

Айт, нега борарлар шум жарлик томон,

Фисқу фасодларга шерикдир нега?

Айт, нега савашар беҳис оломон,

Йўл кўрмас осийлар тирикдир нега?

Ким ёмонлик тилар ўз онасига,

Ким истар момолар кўзёшин, оҳин?..

Нур битган чоғ зулмат пешонасига,

Айт, нега қўзғатдинг аждодлар руҳин?

Оролбўйларига инганда зиё,

Ёвузлик лашкари қўпдими, ҳайҳот.

Бунчалар урушга ўч бўлдинг, дунё,

Бунчалар бизларни қийнадинг, ҳаёт?

Бахтимиз кўролмас қайси бир нокас,

Унинг ҳийласидан урчир ғалаён,

Юракдан отилиб чиқади бир сас,

Кўз олдимда ғалат ҳоллар намоён:

...Гўдаклар кўзидан қалқийди кўзёш,

Она кўкка боқиб, айлайди нола.

Эзиб, янчиб борар қайси бағритош,

Оёқлар остида қолди бечора...

Яна бир гул сўлди,

Очмайин ғунча

Топталди...

Эзилди...

Навқирон ниҳол...

Бундайин кўргулик, дардни туйгунча,

Қандай чидар экан, билмайман Орол?!

Бу инсон фидойи,

Қирқдами ёши,

Нечага кирганин, билмайман рости.

Тағин бир инсоннинг тугади оши,

Яна ғолиб келди ўлимнинг дасти.

 

Ичимни тирнайди ғалати туйғу:

У йигит жон берди...

Айни авжи ёз.

Уруш нималигин билмас эди у,

Фақат киноларда кўрганди, холос...

Мардум орасида бордир бегона,

Бу фитнани ана шулар чиқарди?

Бир кунда минг ёшга қариди она,

Бир кунда отанинг сочи оқарди.

Ахир, ўйламасми инсон, дегани,

Ғанимлар ўйинда ғолибдир токай?!

Бизни кечирарми виждон, дегани,

Бизни кечирарми масъум болакай?!

Оролим, инжима, етар энди, йўқ,

Ўрнингга дардингни ютиб бераман.

Сен сари отилса, магар бирор ўқ,

Ишонгин, кўксимни тутиб бераман.

Бу ишлар дунёнинг макри ҳайнаҳой,

Йиғлама Оролим, чекмагин озор.

Бошингни қўйишга энг муносиб жой,

Ишонгин, сен учун менинг елкам бор.

...Шу топда ўйларим қўймайди омон,

Гўёки чайқалиб бормоқда очун.

Нечун қора тортди мусаффо осмон,

Нега безовтадир муқаддас замин?

Эҳтимол, кўнглида минг турли савол

Ичини тимдалаб ўтаётгандир.

Даҳри дун макридан бечора Орол

Аламдан кўз ёшлар тўкаётгандир...

Эй дўстим, огоҳ бўл, йўлингда тузоқ,

Чалғитиб қўймасин ғаним тиккан ғов.

Ўзингни асрагин, қадрдон Мўйноқ,

Кўк қадар юксалгин, азиз Бўзатов.

Тинчлик тилагайман сенга ҳар замон,

Эзгуликлар сари ташла деб қадам.

Дуода турибди Бердақ ҳам ҳамон,

Ана, “Омин” дейди Ажиниёз ҳам.

Қароғи намланган, дили-чи пора,

Душман йўлини боради тўсиб...

Қардошликни алқаб шеър ўқир, қара,

Силкиниб-силкиниб Ибройим Юсуф.

Биламан, ҳасратинг достони узун,

Кел, артай кўздаги жолаларингни.

Бовурим, ёвга ем бўлмаслик учун,

Асрагин ғанимдан болаларингни.

 

Ҳа, демай бу кунлар ўтади, албат,

Ғашликлар чекинар, диллар ёришар.

Ягона ўтинчим — ўгитим фақат:

Бирлашган йўлчилар чўққилар ошар.

Орол кўзёшлари тинади шунда,

Адашган ирмоқлар ўзанга қайтар.

“Нима етишмайди бизга очунда?!”

Ҳар оқил кимсаки шу гапни айтар.

Орол қайтиб кўзёш тўкмаслик учун,

Яшнасин кўнгилда меҳру муҳаббат.

Дунёга омонлик тилайлик бугун,

Такрорлайлик келгин шу сўзни фақат:

Биласан, иккимиз бир тану бир жон,

Ажратиб бўлмагай — эту тирноқмиз.

Муқаддас бу тупроқ — жонажон макон,

Қардошмиз — ўзбекмиз, қорақалпоқмиз!

Билгин, нифоқ солмас ағёрлар тоши,

Бежиз тақдир бизни боғлаган эмас.

Бир бўлсак, Оролнинг оқмас кўз ёши,

Инграмас,

Бўзламас,

Ортиқ йиғламас...

Ўткир РАҲМАТ