Аввал хабар қилинганидек, Қорақалпоғистон Республикасида “Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айланади” мавзусида очиқ мулоқот ва журналистлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда Нукус шаҳрида ташкил этилган очиқ мулоқотда минтақадаги ўзгаришлар, мавжуд муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш сингари масалалар хусусида сўз юритилди.
Таъкидлаш зарурки, ўтган 4 йил ичида Президентимиз томонидан қабул қилинган аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида катта ютуқларга эришилди.
Ҳукуматимиз томонидан Орол денгизининг қуриган тубида 1 миллион 600 минг гектардан ортиқ майдонда чўл ўсимликлари экилиб, яшил қопламалар барпо этилмоқда.

Маълумки, жорий йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда Оролбўйи табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, минтақадаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Оролбўйи минтақаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилинди. Мазкур масала юзасидан “Очиқ мулоқот”да онлайн тарзда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Авваламбор ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйининг экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилингани муносабати билан самимий қутлайман, – деди Халқаро Оролни қутқариш фонди ижроия қўмитаси раиси Султон Раҳимзода. – Албатта, Оролбўйининг халқаро аҳамиятга молик ҳудуд сифатида эътироф этилиши минтақадаги мавжуд экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда катта ўрин тутади. Айни пайтда Орол фожиаси, денгизнинг тобора йўқолиб бораётгани бу ерда истиқомат қилаётган миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир ўтказмоқда. Бу масала халқаро миқёсдаги муаммо сифатида тан олинди. Албатта, Оролбўйи аҳолиси ҳамма қатори фаровон, тинч ва бекаму кўст яшашга ҳақли. Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши барча манфаатдор томонлар, жумладан, минтақа давлатлари куч ва имкониятларини бирлаштиришга хизмат қилади. Умид қиламизки, БМТ институтлари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан инновацион лойиҳалар қабул қилиб мавжуд муаммолар ечимида муносиб ҳисса қўшадилар.

– Оролбўйи минтақасида юзага келган экологик танглик шубҳасиз инсониятнинг янги тарихидаги энг мушкул муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, – дейди БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси атроф-муҳит муҳофазаси бўлими директори Марко Кайнер. – Орол денгизининг қуриши узоқ давом этди. Бу мусибат, ўз навбатида, собиқ иттифоқ даврида сув ресурсларидан жоҳилона фойдаланиш оқибатида юзага келди. Албатта, иқлим ўзгаришлари бутун сайёрамизни ўз измига олмоқда. Орол денгизининг қуриши, Амазония ўрмонларининг қисқариши – буларнинг бари инсоният учун катта йўқотиш. Шу боис, экологик тикланиш жараёни ҳам жуда қийин ва узоқ давом этади. БМТнинг махсус резолюцияси ҳам минтақа ҳаётига қаратилган юксак халқаро эътибор намунаси бўлди. Экологик инновация ва технологиялар нима ўзи? Биринчидан, бу аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини шамол, қуёш сингари манбалар ҳисобидан қоплаш дегани. Жаҳон банки минтақада қуёш энергияси ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқчи. Саудия Арабистони компанияларидан бири бу ерда шамол энергияси корхонасини қурмоқчи. Бу борада бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинмоқда. Масалан, 2020 йилда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси Ўзбекистондаги экологик чора-тадбилар самарадорлиги бўйича баёнотини эълон қилди. 90 га яқин тавсияларни ўз ичига олган бу ҳужжатда атроф-муҳит мусаффолигини асраш, ҳавонинг трансчегаравий миқёсда ифлосланишининг олдини олиш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган. Бу борада миллий қонунчиликни ҳам янги тартиб-қоидаларга мослаштириш талаб этилади.

– Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда бу ерда янгидан-янги ўзгаришларга гувоҳ бўламан, – деди анжуман иштирокчиларидан бири, Австриянинг Mueller&Shindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм. – Бу сўнгги йилларда Ўзбекистонда, жумладан, Оролбўйи минтақасида юз бераётган ислоҳотлар ҳақида “Янги Ўзбекистон” китоб-альбомини чоп этишни режалаштирганмиз. Мазкур китоб мамлакатингиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида чоп этилиши кутилмоқда.