Жаҳон банки ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг “Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронларини камайтириш учун Ўзбекистонда ландшафтни қайта тиклашнинг аҳамияти” мавзусидаги қўшма тадқиқотда қайд этилишича, ҳар йили бўронлар Орол денгизининг қуриган тубидан 75 миллион тоннагача қум, чанг ва тузни Марказий Осиё кенгликларига олиб ўтади.
Тадқиқотда Орол денгизи қуриган тубидан кўтариладиган туз ва чанг бўронларининг Ўзбекистонда одамлар саломатлиги, турмуш шароити ва атроф-муҳитга таъсири натижасидаги иқтисодий йўқотишлар баҳоланади. Тадқиқот шуни кўрсатадики, ландшафтни самарали қайта тиклаш иқтисодий ва молиявий бевосита харажатлардан анча устун бўлган фойда келтириши мумкин.
Бу афзалликлар Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтишини ва иқлим ўзгариши бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришини тезлаштириши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Орол денгизининг қуриган туби қарийб 60 минг км² майдонни эгаллайди. Унинг деярли ярми Ўзбекистондаги 1,8 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган. Сўнгги бир неча ўн йилликларда бу тузли чўл қум ва чанг бўронлари манбаига айланди. Бунинг натижасида юзага келган тупроқ ерозияси ва ҳавонинг ифлосланиши одамлар саломатлигига, турмуш шароитига ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Тадқиқот Жаҳон банкининг “Фаровонлик ҳисоби ва экотизим хизматларини баҳолаш” (WAВЕС) дастури ва ПРОГРЕЕН кўмагида амалга ошириладиган.
Марказий Осиё мамлакатлари учун ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш бўйича минтақавий лойиҳа “РЕСИЛAНД” доирасида ўтказилди. Орол денгизи тубидан кўтариладиган қум ва чанг бўронлари йилига 44 миллион АҚШ долларидан ортиқ иқтисодий зарар келтиради.
Ўзбекистондаги Орол денгизи қуриб қолган тубининг катта қисмини қурғоқчиликка ва шўр тупроққа чидамли бўлган маҳаллий дарахтлар, буталар ва ўт-ўланларни, уларнинг оптимал комбинациясидан фойдаланган ҳолда экиш ҳисобига тиклаш мумкин. Тўғри режалаштирилганда Орол денгизи тубидаги ландшафтни тиклаш жараёни иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши ва Орол денгизининг собиқ қирғоғидан 100-200 км гача бўлган масофада ҳаво ифлосланишининг сезиларли даражада камайишига олиб келиши мумкин.
Бунинг натижаси маҳаллий аҳолининг саломатлиги ва фаровонлиги яхшиланади. Орол денгизи тубини тиклаш ҳар йили қўшимча 28-44 миллион AҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда келтириши ҳамда тупроқдан углерод чиқишининг олдини олиш ва атмосферадан карбонат ангидридни ютиш орқали иқлим ўзгаришини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.
Ўзбекистонда, жумладан, собиқ Орол денгизи тубида ландшафтларни тиклаш бўйича лойиҳалар “яшил” иқтисодий ўсиш миллий стратегиясининг ажралмас қисмига айланиши мумкин. “Яшил” ўсиш модели табиий ва энергия ресурсларидан барқарор ва самарали фойдаланишга асосланади. Бу эса атроф-муҳит ифлосланишини минимал даражага тушириш орқали табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширади. Ландшафтни тиклаш бўйича самарали лойиҳалар, Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодий ўсишга ўтиш жараёнини тезлаштиришдан ташқари, минтақавий ва глобал миқёсда фойда келтириши мумкин.
Улар иқтисодий ва молиявий бевосита харажатлардан сезиларли даражада устун туради. Бу лойиҳалар Иқлим бўйича Париж битими доирасида миллий даражада белгилаб берилган ҳиссаларга мувофиқ, ҳамда, Бонн чалленге - бутун дунёда деградацияга учраган ва ўрмонсизланган ерларни қайта тиклаш бўйича глобал ташаббус ва БМТнинг чўлланишга қарши курашиш конвенцияси доирасида ерлар деградациясининг нейтраллигига эришиш мақсадлари бўйича Ўзбекистоннинг ўз халқаро мажбуриятларини бажаришига ҳисса қўшишлари мумкин.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА