Орол денгизи бир вақтлар дунёдаги энг катта ички сув ҳавзаларидан бири бўлган. Кейинги ўн йилларда экологик ва иқтисодий муаммолар туфайли катта зиён кўрди. Орол денгизи миқдори 1960 йилларда 1060 км³ дан 2000 йилларга келиб 40 фоизга камайган. Бу ҳодиса нафақат минтақадаги экотизим, балки маҳаллий аҳолининг иқтисоди, соғлиғи ва маданиятига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, Орол денгизини тўлиқ тиклаш машаққатли жараён. Орол денгизи тубидаги чанг жуда катта масофаларга — Шимолий муз океани, Эрон, Япония ва ҳатто Францияга тарқалишга улгурган. Ҳозирги даврнинг энг муҳим вазифаси Орол денгизи инқирозининг атроф-муҳит ва Орол денгизи минтақасида яшовчи миллионлаб одамлар турмуш тарзига зарарли таъсирини камайтиришдан иборат. Бугунги кунда экологик офат зонасида қум ва тузнинг учишига тўсқинлик қилувчи яшил майдонлар яратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида Халқаро Оролбўйи туризм ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро конференциясида Оролбўйи минтақасидаги экологик инқирозни ҳал қилишда илмий асосланган ва амалий йўналтирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшган Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новицкий ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Орол муаммосини ҳал этишда чора-тадбирлар халқаро тажрибаларга таянган ҳолда йўлга қўйилмоқда, – дейди Зиновий Новицкий. – Ишлар кўлами жуда кенг. Жараён узоқ давом этиши мумкин, аммо муваффақиятли якун топади деган умиддаман.
Оролбўйида экологик муаммолар мамлакат тарихида биринчи марта конституциявий даражада мустаҳкамланган. Ўрмонларнинг қуриган тубида мелиоратив ҳолатни яхшилаш бўйича алоҳида лойиҳалардан тизимли ва илмий асосланган тадбирларга ўтиш муҳим. Шунингдек, яйловлар яратиш учун қаторлар орасига ем-хашак ўсимликлари кўчатларини экиш, бундай кўчатларни етиштириш бўйича Миллий марказни ташкил этиш ва кейинчалик вилоят марказига айлантириш, экотуризмни ривожлантириш, Халқаро ёшлар экологик марказини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон қуриган денгиз тубининг ўрмон мелиоратив ҳолатини ривожлантиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш лозим.
Орол қуриб, аста-секин кемалар қабристонига айланган ва чанг-тўзон ҳамда туз кўтарилиб, экологик муаммони келтириб чиқарган эди. Аммо сабрли, матонатли, халқимиз ёруғ кунларга ишониб, умид билан яшади. Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш учун бугун барча астойдил меҳнат қилмоқда. Алоҳида қайд этиш лозимки, ҳудудда яратилаётган кўчатзорлар экологик, иқтисодий ва ижтимоий роль ўйнайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА