CITES COP20 конференцияси доирасида “Табиий лойиҳалар: биохилма-хилликни сақлаш учун ўрмонларнинг экологик таснифи” мавзусида параллель тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг мақсади — Ўзбекистон ўрмон экотизимларининг экологик таснифи бўйича илмий ишланмаларни таништириш, замонавий технологияларнинг ноёб турлар яшаш муҳитини муҳофаза қилишдаги имкониятларини кўрсатиш ва табиатни асраш борасидаги миллий ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Тадбирни Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов ва “Яшил лойиҳа” институти директори Олим Ҳакимов кириш сўзлари билан очиб беришди. Улар табиий ресурсларни баҳолаш, экотизимларни мониторинг қилиш ва улардан барқарор фойдаланиш жараёнида илмий ёндашувнинг муҳимлигини таъкидладилар.
Тадбирда қуйидаги асосий маърузалар тақдим этилди:
— биохилма-хилликни сақлаш масалаларининг давлат экологик сиёсатига интеграцияси;
— ўрмонларнинг экологик таснифи бўйича илмий ва амалий ютуқлар;
— ўрмонларни барқарор бошқариш бўйича тажриба ва ноёб турларни муҳофаза қилишда халқаро қўллаб-қувватлаш механизмлари.
Тадбирнинг асосий қисми — Фарҳод Деҳқоновнинг “Ўрмонларнинг экологик таснифи методологияси: хариталар, маълумотлар ва ноёб турлар яшаш муҳитини муҳофаза қилиш” мавзусидаги тақдимоти бўлди. У сунъий интеллект, сунъий йўлдош суратлари, ГИС геомаълумотлари ва рақамли картография ёрдамида Ўзбекистонда биринчи марта экологик ўрмон таснифи яратилганини таъкидлади.
“Яшил лойиҳа” институти томонидан ишлаб чиқилган ўрмонларнинг экологик таснифи методологияси Ўзбекистондаги ўрмон экотизимларига бағишланган биринчи комплекс рақамли илмий платформага айланди. У СИТEС мақсадларига хизмат қилади ва ноёб турлар ҳамда уларнинг яшаш ҳудудларини муҳофаза қилишга муҳим ҳисса қўшади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aUJlOsSmRh8" title="O'rmonlarni himoya qilish bo'yicha O'zbekiston tajribasi namoyish qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зиёвуддин НУРИДДИНОВ, Анвархўжа АҲМEДОВ, ЎзА