English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотлар изчил давом эттирилади
11:05 / 2025-06-03

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширишнинг 2026 йил 1 январдан бошлаб мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар: 

а) давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажмини 1,5 бараварга ошириш; 

б) уруғчилик лабораторияларида республика ҳудудларининг иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантацияларини ташкил қилиш;

в) давлат ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилаётган кўчатлар ҳажмини 2 бараварга оширишдан иборат. 

2025 йил 1 октябрдан бошлаб "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини ошириш, "Яшил макон" электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий қилинади: 

а) аҳоли ташаббуси билан дарахт экилиши мумкин бўлган аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), кўча, ер участкасининг координаталари), сув таъминоти, кейинчалик парвариш қилиш имконияти ва дарахтларнинг турларини кўрсатиш; 

б)  "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка "ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш" тамойили асосида онлайн етказиш; 

в) дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисида маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш (кесиш) сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото ва видеотасвирларини акс эттириш; 

г) ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг к,имматбах,о навларини цонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизимини жорий қилиш; 

д) дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича "Яшил макон" электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб бориш. 

"Менинг боғим" лойиҳаси доирасида яшил боғлар барпо этишга камида бир гектар, яшил жамоат парклари учун ярим гектардан ер майдонлари ажратилади. 

Компенсация ёки мажбурият тарзида экиладиган дарахт ва буталар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланадиган ер участкаларида Ўрмон хўжалиги агентлиги буюртмачилигида белгиланган тартибда аниқланадиган лойиҳалаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳалар асосида давлат ўрмон хўжаликлари – пудрат ташкилотлари томонидан экилади.  

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўрмон фонди ер майдонлари алоҳида муҳофаза этилади ва уларнинг тоифасини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.

ЎзА