Сурхондарё вилоятидаги “Узун” давлат ўрмон хўжалиги кўчатчиликка ихтисослашган. Давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори туфайли ташкил этилганига қарийб юз йил бўлаётган хўжалик мамлакатимиздаги йирик кўчат етиштириш масканларидан бирига айланди.
Сариосиё туманида тоғлар қўйнидаги ўрмон хўжалиги “Сангардак”, “Узун” ва “Зевар” бўлимларидан ташкил топган. 106,5 минг гектар ер майдонига эга яшил маскан бепоён ўрмон билан қопланган.


Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда яшил майдонларни кенгайтириш, теварак-атрофни яшилликка буркаш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар турли мевали ва манзарали дарахт кўчатларига талабни янада оширмоқда. Шунга мувофиқ, хўжаликда етиштирилаётган кўчатлар ҳажми ва тури кўпайтирилаётир. Айни пайтда “Узун” бўлимида 60 турдаги 7 миллионга яқин павлония, чинор, садақайрағоч, қрим қарағайи, қаллиқ, япон тути, эман, қизил дўлана, япон сафораси сингари манзарали ва мевали дарахт кўчатлари парвариш қилинмоқда. 20 турга яқин турли доривор ва озуқабоп ўсимлик етиштирилмоқда.


– Кўчатлар вилоятимиз, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида экилиб, теварак-атрофни яшилликка буркамоқда, – дейди Узун давлат ўрмон хўжалиги директори Рамзиддин Низомиддинов. – Шунингдек, доривор гиёҳлардан ҳам самарали фойдаланишни йўлга қўя бошладик. Шу мақсадда шифобахш лавандадан фойдали маҳсулотлар, жумладан, ёстиқчалар тайёрлаб, сотишни жорий этдик.
Мутахассисларнинг айтишича, қадимдан аждодларимиз лавандадан доривор ўсимлик сифатида фойдаланган. Кўп йиллик бу ўсимлик асабларни тинчлантириш, уйқуни яхшилаш, бошдаги оғриқларни камайтириши билан машҳур бўлган. Дизенфекция қилиш хусусиятига ҳам эга. Ҳозир тиббиёт, озиқ-овқат, косметика, парфюмерия ва бошқа соҳаларда кенг ишлатилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори кейинги ўн йилликда ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, янги ўрмонзорлар барпо этиш, иш ўринлари яратиш, ўрмонлардан қўшимча фойдаланишни рағбатлантириб, ўрмон фонди ерларидан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.
Кўчатчиликка ихтисослашган “Узун” давлат ўрмон хўжалиги ҳам Концепцияни амалга ошириш учун аниқ мақсадга йўналтирилган режаларни белгилаб олган. Шунга мувофиқ яшил ҳудудларни кенгайтириб, дарахт ва буталарни парваришлашга, етиштирилаётган кўчатлар турини кўпайтириб, юртимизда яшиллик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Табиат шайдолари учун эко ва агротуризм йўлга қўйилмоқда.


Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг яна кузги мавсуми бошланди. Хўжалик бу мавсумда кўчат экиб, боғ ва “яшил белбоғ” яратишни ният қилган юртдошларимиз учун 4, 5 миллион туп манзарали ва 2,5 миллион туп мевали дарахтнинг сара кўчатларини ҳозирлаб қўйибди. Ҳудудлардаги бўш ерларнинг яшил бойликлар билан қопланиши теварак-атрофда мусаффоликни сақлаб, тупроқ таркибини мустаҳкамлайди. Эрозиянинг олдини олади. Биохилма-хилликни сақлайди. Иқлим ўзгариши сабабли юз бераётган чанг кўтарилишларини пасайтириб, юртимиз флорасини ранг-баранг дарахт ва ўсимликлар билан янада бойитади. Она табиатни асл ҳолида сақлаб қолиб, табиий ресурслар ва бетакрор гўзалликни келгуси авлодларга асл ҳолида етказишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири