Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмонлар, углерод ва биоxилма-xиллик: пойтахтда халқаро илмий семинар
14:11 / 2026-01-22

Пойтахтимизда экологик барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларига бағишланган “Forest Carbon Cycle & Biodiversity Solutions for Climate Change” мавзусида 8-халқаро илмий семинар ташкил этилди. Мазкур тадбир иқлим ўзгариши шароитида ўрмон экотизимлари, углерод айланиши ва биоxилма-xилликни сақлаш бўйича илмий ёндашувларни муҳокама қилишга қаратилган.

Семинар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир 2024–2028 йилларга мўлжалланган, қиймати 7,7 миллион АҚШ доллари бўлган “Тошкент вилоятида смарт технологиялар асосида ўрмон ва шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Семинар доирасида қатор нуфузли хорижий олимлар томонидан илмий маърузалар тақдим этилди.

Seoul National University профессори Нюн Парк “Ўрмон биоxилма-xиллигининг ёмонлашуви ва уни муҳофаза қилиш ечимлари” мавзусида маъруза қилиб, иқлим ўзгариши, инсон фаолияти ва биологик хилма-хиллик ўртасидаги мураккаб боғлиқликларга алоҳида эътибор қаратди. У биоxилма-xилликни сақлаш глобал экологик барқарорликнинг муҳим омили эканини қайд этди.  

Мулоқот давомида иқлим ўзгаришида ўрмонларнинг углерод ютадиган асосий экотизим сифатидаги роли, углерод айланиши ва экологик барқарорлик, биоxилма-xилликнинг камайиши ва уни сақлаш механизмлари, ўрмон экотизимларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш, Корея тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш ҳамда инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда ташкил этилаётган 18 та питомник фаолияти модернизация қилинади. Корея Республикасининг илғор биотехнологик ечимлари ва маҳаллий анъанавий питомникчилик тажрибаси уйғунлаштирилади. Ушбу ёндашув мобайнида 2030 йилга қадар мамлакат сифатли ва иқлимга чидамли кўчатлар билан таъминланади, қисқа муддатда соғлом ва касалликларга чидамли кўчатлар етиштирилади, ўрмон ва яшил ҳудудлар кенгайтирилади, шунингдек, биоxилма-xилликни сақлаш ва чўлланишнинг олдини олиш имконини берувчи чора-тадбирлар амалга оширилади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА