Соҳа вакилларининг таъкидлашича, ўрмонзорлар Ер шари юзасида кенг тарқалган географик манзаралардан бири ҳисобланади. Жаҳон миқёсида қуруқлик ернинг 29 фоизга яқини ёки 3700 миллион гектардан ортиқроғи ўрмонзорлар билан банд. Шундан тахминан учдан бир қисми хўжаликда ўзлаштирилган, қолганлари эса ҳосил бермайдиган ёки бериши қийин бўлган ерларда жойлашган, яъни ўзлаштирилмаган.
Ўрмонлардан инсонлар ёғоч маҳсулотлари, ўтин, ёнғоқ, доривор гиёҳлар олиш каби турли мақсадларда фойдаланишади. Умуман ўрмончилик одамлар ҳаётининг бир бўлаги ва уларнинг яшаши учун зарур бўлган омилдир.

Давлатимиз раҳбарининг “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида бир қанча зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилган. Мазкур ҳужжатга асосан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ўрмонлар барпо этиш, қайта тиклаш ва ўрмон ёнғинларига қарши курашиш тадбирлари учун махсус техникаларни сотиб олиш, хўжаликларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2024 – 2026-йилларда республика бюджетидан талаб этиладиган зарур маблағлар ажратилиши режалаштирилган.
Шунга мувофиқ, 2025 йилда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан 81 та қишлоқ хўжалиги техникаси – 15 та трактор, 55 та культиватор, 6 та мини экскаватор ва 5 та сув ташувчи автомашина харид қилинди. Ушбу техникаларнинг барчаси “Тошкент трактор заводи”, “Самарқанд автомобиль заводи” ҳамда Хоразмдаги “UzXCMG” каби маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган. Қайд этиш лозимки, харид қилинган замонавий техникалар ёнғинга қарши курашиш, терасса усулида ўрмонлар барпо этиш, кўчат экиш ва экилган кўчатларни суғориш учун мўлжалланган.
Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Исматулла Дўстмуродов маълумотларига кўра, ўрмончиликни ривожлантириш, яшиллик оламини кенгайтириш учун, энг аввало юртимиз иқлимига мос кўчатларни кўпайтиришга асосий эътибор қаратилди. Дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилди. 18 та ўрмон хўжалиги кўчатчиликка ихтисослаштирилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан 350 гектардан зиёд майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди.
Экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш, 2030 йилга қадар республикада яшиллик даражасини 30 фоизга, ўрмон билан қопланганлик даражасини 8 фоиздан 15 фоизга (6,1 млн гектар) етказиш мақсад қилинган. Лойиҳа доирасида ўтган 4 йил давомида республика бўйича жами 872 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилган. Жорий йил баҳор мавсумида ҳам 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос 136,9 миллион туп, шундан, ўрмон фонди ерларида 8,3 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилди. Кўчат экиш тадбирлари учун 90 та янги сув чиқариш қудуғи ва 478,45 км масофада суғориш тизимлари ишга туширилди. Суғориш имконсиз бўлган ҳудудларга 460 та техника бириктирилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 126,2 минг гектар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 71,9 минг гектар, Бухоро вилоятида 23,3 минг гектар, Навоий вилоятида 16 минг гектар ва Хоразм вилоятида 15 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” ҳамда чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда тупроқ эрозиясига қарши 256 гектар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган.
Бу каби чора-тадбирлар давом эттирилади. Хусусан, 2025 йил “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давомида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумида 75 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш кўзда тутилган. Келгусида 257 та “яшил боғ” барпо этилиб, уларнинг умумий сони 701 тага етказилади, 450 минг дарахт ва бута хатловдан ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА