Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмонлар биологик хилма-хилликни таъминлайди
16:13 / 2025-04-30

Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Ўзбекистоннинг ўрмон фонди қарийб 12 миллион гектарни ташкил этади, уларнинг аксарияти баланд тоғлар ва дарёлар водийларида жойлашган. 

БМТнинг Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган “Ўрмонларни барқарор бошқаришга мувофиқ равишда ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш бўйича Ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Ҳужжатда 2027 йилдан 2036 йилгача бўлган давр ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилинган ва жаҳон ҳамжамияти бу борада фаол чоралар кўришга чақирилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, резолюция кенг қўллаб-қувватланди. Дунёнинг турли минтақаларидан 80 дан ортиқ мамлакат, жумладан, Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Россия, Бразилия, Австрия, Германия, Финляндия, Португалия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, БАА, Қатар ва Баҳрайн ҳаммуаллифлар бўлди.

Ҳужжат асосини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” кўчат экиш кампанияси каби ташаббуслар ташкил этади. Унда ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун куч ва ресурсларни сафарбар этиш талаб қилиниб, давлатлар ва ташкилотларга тегишли чора-тадбирларни кучайтириш тавсия этилади.

Ушбу резолюцияда Ўзбекистоннинг глобал экологик ташаббуслардаги роли ортиб бораётгани, барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга интилиши алоҳида таъкидланган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Марказий Осиёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ўрмонлар минтақанинг иқлим шароитидан келиб чиққан эрозия ва чўлланишга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга. 

Айнан ўрмонлар биологик хилма-хилликни, қишлоқ аҳолиси учун тирикчилик манбаларини таъминлайди. Бундан ташқари, ўрмонлар энергия ишлаб чиқариш учун муҳим ёғоч манбаи бўлиб хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА