Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўрмонларни муҳофаза қилиш, ўрмон фонди ерларидан оқилона фойдаланиш, уларда дарахт ва буталарни экиш ҳамда етиштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўрмон фонди ерлари кенгайиб бормоқда. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбарининг ““Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этиш ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар майдонини 2,1 миллион гектарга етказиш, шунингдек, танланган ҳудудларда шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар (галофит) боғлари ташкил этиш вазифаси белгиланди. Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларида 905 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш, 187 тонна манзарали, мевали дарахт ва бута уруғини тайёрлаш, 21 миллион 168 дона дарахт, бута ниҳол ва кўчатини етиштириш назарда тутилган.
Жорий йилда ўрмон хўжаликларида хусусий сектор билан биргаликда чорва моллари 12 минг 666, паррандачилик 216 минг 385 бошга, қишлоқ хўжалиги махсулотларини ишлаб чиқариш эса 2 минг 265 тоннага етказилади. 1 минг 304 гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди умумий майдони 22 минг 211,5 гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдон 15 минг гектарни, суғориладиган ерлар 102 гектарни, кўчатхона ва ниҳолхоналар 11 гектарни ташкил этади. Хўжалик Нукус ҳамда Кегейли ўрмон бўлимларидан иборат бўлиб, улар томонидан ҳудуднинг экололик барқарорлигини таъминлаш, ниҳолхона ва кўчатхоналар барпо этиш, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширалаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, аҳолига, шу жумладан, меҳнат жамоалари ва ўқув юртларига кўчатлар етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
[gallery-23779]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 февралдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу йил 112,5 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, қарор ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Айни пайтда ўрмон-мелиоратив тадбирлари учун ўрмон хўжаликларидан 105 дона юқори унумли трактор, 4 дона самолёт жалб қилинди. Мавсум давомида 71,941 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғи ва кўчатини экиш ишлари амалга оширилди. Ушбу хайрли ишларга Нукус давлат ўрмон хўжалиги жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мазкур жамоа томонидан ҳар йили жами 35 тоннагача саксовул ҳамда қорабароқ каби чўл ўсимликларининг уруғи тайёрланади.
Нукус давлат ўрмон хўжалиги томонидан давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шу жумладан, янги ўрмонзорлар барпо этиш, иш ўринларини ташкил этиш, ўрмонлардан қўшимча фойдаланишни рағбатлантириш, илмий тадқиқот фаолиятини кучайтириш мақсадида ўрмон фонди ерларидан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, мазкур қарор ижроси доирасида 20 гектар ўрмон фонди ерлари фойдаланишга киритиш мақсадида ўзлаштирилди. Жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган 159 гектар ер майдони ижарага берилди.
Ўтган 5 ой давомида 4 минг 415 гектар ўрмонзор ва бутазор майдони кенгайтирилди. Манзарали, мевали дарахт ва бута уруғларини тайёрлаш 28 тоннага, манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини етиштириш 1 миллион 11 минг, тут кўчатини етиштириш эса 7 минг донага бажарилди.
Хўжаликда доривор ва озуқабоп ўсимликларини етиштириш ва тайёрлаш бўйича режа 74 гектар белгиланган бўлса, амалда 20 гектар ерга экилиб, 30 тонна доривор ва озуқабоп ўсимлик маҳсулоти етиштирилди.
–Ҳудудимизда жами 20 минг гектар ер майдони бўлиб, шундан 9,8 гектарини ниҳолхона ташкил этади, – дейди Нукус ўрмон бўлимининг ўрмонбегиси Куанишбай Мамбетшарипов. – Яқинда янгидан 2,2 гектар ниҳолхона ташкил этилиб, жами 11 гектарга етказилди. Ҳар йили Оролбўйидаги вазирликларга, меҳнат жамоалари ҳамда ўқув юртларига асосан, шумтол, тут, шарқ туяси, қайрағоч, акация, катальпа каби дарахт кўчатлари шартнома асосида етказиб берилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг куз мавсумида умумий нархи 1 миллиард 100 миллион сўмга 128 минг дона, жорий йилнинг баҳор мавсумида 1 миллиард 615 миллион 748 минг сўмлик 237 минг 244 дона кўчат сотилди. Бундан ташқари, яйловларни ижарага бериш орқали ҳам қўшимча даромад топилмоқда.
Ўрмон бўлими ҳудудидаги мавжуд манзарали дарахт ва буталар муҳофазасини кучайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатлари ҳамда ёнғин хавфсизлигининг олдини олиш, дарахтлар ва кўп йиллик буталарни сақлаб қолиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши юзасидан ўтган йил мобайнида 6 та, жорий йилда 1 та ҳолат содир бўлди. Қонунбузарлардан табиатга етказган зарари учун 10 миллион сўмга яқин жарима ундирилди.
Жорий йилда 1 гектар ниҳолхона ҳамда 2 гектар кўчатхона ташкил этиш бўйича режа белгиланган бўлса, амалда 12,2 гектар ниҳолхона, 2,25 гектар кўчатхона ташкил этилди. Ҳар йили олинган фойда ҳисобидан ўрмон хўжалигига янги техникалар харид қилинмоқда. Бугунги кунда техникалар сони 7 тага етди.
Шунингдек, ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Касаба уюшмаси томонидан ходимлар мамлакатимиз ҳудудидаги санаторийларга, уларнинг фарзандлари болалар оромгоҳларига йўлланма асосида юборилмоқда. Ходимлар махсус кийим-кечаклар билан таъминланиб, вақтида иш ҳақлари билан таъминланмоқда.
Нукус давлат ўрмон хўжалиги томонидан ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, уларнинг ўрмон билан қопланганлик даражасини ошириш, ушбу ерларда доривор ва бошқа турдаги импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ишларини кенг йўлга қўйиш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш ишларини ташкил этиш назарда тутилмоқда ва ўрмон хўжалиги томонидан ишлар давом эттирилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА