Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмон хўжаликларидаги қонунбузарликлар фош этилди
11:10 / 2023-09-12

Экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича Самарқанд вилоят прокуратураси ташаббуси билан бир қатор идоралар ҳамкорлигида қўшма қарор қабул қилинган.

Қарор асосида фаолияти йўлга қўйилган доимий ишловчи идоралараро штаб томонидан ўтказилган ўрганишларда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат бўйича кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.  

– Бугунги кунда вилоятда 10 та ўрмон хўжалиги ва 2 та миллий табиат боғи мавжуд бўлиб, улар фойдаланишига жами 69 минг 87 гектар (шундан ўрмон билан қопланган 20 минг 410 гектар, ўрмон билан қопланмаган  460 гектар, чўл ҳудуди 2518 гектар, тоғли ҳудуд 35 минг 874 гектар, тўқай ҳудуди 8821 гектар, табиий ва сунъий сув ҳавзалари 1306 гектар) ер бириктириб берилган, – дейди Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Жамшид Қосимов. – Бу ер майдонларининг маълум бир қисмини давлат-хусусий шерикчилик асосида фуқароларга узоқ муддатли ижарага бериш билан боғлиқ ҳужжатлар дастлабки хатловдан ўтказилди. Бироқ аниқланишича, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш, ижарага берилган ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилишлар қилиш, ижара маблағлари ундирилмаганлиги, инвестиция мажбуриятларининг бажарилмаслиги ҳамда буталар ва ўсимликларни нобуд қилиш каби қўпол қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган.  

Тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуни талабларига риоя қилиниши аҳволи юзасидан ўтказилган ўрганишда Зарафшон миллий табиат боғи мансабдор шахслари ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланди. Чунончи, қонуннинг 6, 25-моддаларида белгиланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари фақатгина хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилиши мумкинлиги ҳамда буталарни кесиш, муҳандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш, оқова сувларни оқизиш тақиқланганлиги ҳақидаги талаблар бузилган. 2020 ва 2021 йилларда миллий табиат боғи ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани учун ажратиб берилиб, 28 нафар ижарачи томонидан 8015 квадрат метр ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилиниши, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилишига йўл қўйилган.  

Ижара битими ва шартномаларда 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга миллий табиат боғидан 33,3 гектар ер майдони ижарага берилиши кўрсатилган бўлса-да, Зарафшон миллий табиат боғи мансабдор шахслари вазифасига совуққонлик билан қараб жами 39,8 гектар ёки шартномада белгилангандан 6,5 гектар зиёд ер майдонини ноқонуний ажратиб берган.  

Зарафшон миллий табиат боғи билан 72 нафар жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузилган ижара битими ва шартномаларда ижарачиларга 37 миллиард 611 миллион сўм инвестиция киритиш мажбурияти юклатилган. Аммо миллий табиат боғи мансабдор шахслари томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши назорат қилинмаганлиги натижасида инвестициялар киритилиши таъминланмаган. Боғ масъулларининг ўз вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиши оқибатида 2023 йил 1 август ҳолатида 72 нафар ижарачидан жами 972 миллион 155 минг сўм ижара пулларини ундириш чоралари кўрилмаган.  

Бундан ташқари, боғ мансабдор шахслари томонидан юқоридаги қонуннинг 45-моддаси талабларига зид равишда миллий табиат боғ ҳудудидан 115,6 гектар ер майдони қишлоқ хўжалик экинлари экиш учун фуқароларга ажратиб берилган.  

Мансабдор шахсларнинг мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қарашлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар ва жиддий зиён етказганлиги ҳолати юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Зарафшон миллий табиат боғида ўтказилган ўрганишда дам олиш маскани яратиш мақсадида 49 йил муддатга ижарага олинган 18,93 гектар ер майдонларида 22 нафар фуқаро ва 2 та юридик шахс томонидан иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан оғир конструкцияли бино-иншоотлар қурилганлиги аниқланиб, огоҳлантирилишига қарамасдан ихтиёрий бузмаганликлари сабабли иншоотларнинг барчасини бузиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган. Даъво аризалар судлар томонидан кўриб чиқилиб, 18 нафар фуқаро ва 1 та юридик шахсга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган мураккаб конструкцияли биноларни жавобгарларнинг ҳисобидан буздириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган ва 2 та ноқонуний қурилиш бузилиши таъминланди.  

Жамшид Қосимовнинг қайд этишича, тезкор хизматлар жалб этилган ҳолда ўрмон хўжалиги соҳасида коррупцион жиноятлар ҳам фош этилмоқда.  

Хусусан, 2023 йил 12 июль куни фуқаро Ф.С. мурожаатига асосан, прокуратура органлари ва ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги кадастр муҳандиси И.И.Т. ваколатига кирмаса-да, ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро Ф.С.га Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги, Самарқанд тумани Янгижой маҳалласи “Оқ бўйро” масканида жойлашган 2 гектар бўш ер майдонини аукцион орқали ҳужжатларни расмийлаштириб, унинг номига олиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан ундан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.  

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд туман бўлими томонидан И.И.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Ғ.Ҳасанов,  

ЎзА мухбири