Ўрмон хўжалиги тизимида илк маротаба 49 йиллик ижарага бериш тизими жорий қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларини ижарага бериш тизимида инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан 49 йилгача муддатга ижарага бериши йўлга қўйилди.
Таъкидланишича, ижара шартномаси асосида 25 нафар хусусий сектор субъектига паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 671 гектар ер майдони берилган. Натижада паррандалар сони 451 минг донага етказилди.
Хусусий сектор субъектлари билан биргаликда ўрмон хўжаликлари томонидан ўрмон фонди ерларидан қўшимча фойдаланиш ҳисобига 28 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, 47 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этиш ва чорва сонини 150 минг бошга, парранда сонини бир миллионга, асалари оиласи сонини 200 мингга етказилиши режалаштирилган.
2019-2020 йилларда ҳудудий ўрмон хўжаликлари томонидан 2 минг 274 гектарда иҳота дарахтзорлари барпо этилди. 2020-2021 йилларда эса бу борадаги кўрсаткич 2 минг 703 гектарга етказилди.
Жорий йил 92 та объектда танлов савдолари ўтказилди, шунингдек, 2 минг 428 гектарда иҳота дарахтзорлари барпо этиш ишлари амалга оширилиб, бугунга келиб белгиланган режа 97 фоизга бажарилди.
Иҳота дарахтзорларининг фойдали хусусиятлари шундан иборатки, экилган иҳота дарахтзорлари иқлимни мўътадиллаштириб, гармсел шамоллари табиат ва экинларга зарар етказиш ҳамда қум ва тупроқ кўчишидан ҳимоя қилади.
2020 йилдан бошлаб экилаётган иҳотазорларнинг кўпроқ қисмига тут дарахти экилаётгани икки томонлама фойда бермоқда. Биринчиси, иҳота сифатида бўлса, иккинчиси, ипак қуртига озуқа бўлиб, бу мамлакатда муҳим соҳалардан бўлган пиллачиликни ривожлантиришга асосий омил бўлади.
Экилаётган иҳотазорлар экинларни зарарли ҳашаротлардан ҳимоя қилибгина қолмасдан фойдали ҳашаротларнинг кўпайишига ҳам имкон яратади ҳамда кучли шамол ва бўронлар таъсирини камайтиради.
– Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида хизмат турлари фаолиятни рақамли технологиялар асосида электрон шаклга ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди қўмита раиси ўринбосари Ғолибжон Қурбонов.
— Бунинг учун ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини ўтлатиш, пичан ўриш учун онлайн билет (рухсатнома) бериш тизими жорий этилади. Агар жисмоний ёки юридик шахслар томонидан яйловдан фойдаланиш бўйича бюрократик тўсиқлар йўқотилса, узоқ муддат кутиш, инсон омилини камайтиришга эришилади. Ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини боқиш юзасидан рухсатнома тақдим этувчи барча учун очиқ бўлган шаффоф тизим яратилади.
Муҳайё Тошқораева, Ёқубжон Мелибоев (сурат), ЎзА