Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмон ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатлари такомиллаштирилади
11:34 / 2023-12-25

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан бошлаб:

ўрмон хўжаликларида кўчат етиштирувчи питомникларни ташкил этиш мақсадида, хўжаликлар ҳудудларининг узоқ муддатли ижарага бериладиган участкалари Экология, атроф-мухитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланиши;

давлат ўрмон фонди ер участкалари фақат “E-auksion” платформаси орқали ижарага берилиши белгиланди.

Қарор билан ўрмон фонди ер участкаларини “E-auksion” платформаси орқали электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича материалларни тайёрлаш, электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ижара шартномаларини расмийлаштириш, уларга ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш тартибини назарда тутувчи Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

2024 йил 1 январдан бошлаб:

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш “E-ijara” ахборот тизими орқали амалга оширилади;

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкалари бўйича ижара ҳуқуқи нархни ошириб бориш тамойили асосида “E-auksion” платформаси орқали амалга оширилади; 

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн- аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳамда ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўрмон фонди ерларидан доимий фойдаланувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари масъул ҳисобланади; 

ижарага берилган ўрмон фонди ер участкаларида ноқонуний дарахт ва буталарни кесиш ҳамда чорва молларини боқишга йўл қуйилмайди; 

экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва овчилик хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлашга “Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти” давлат муассасаси масъул ҳисобланади;

2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича амалдаги барча шартномалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларида рўйхатдан ўтказилади, бунда жисмоний шахслардан ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди; 

ижара шартномалари белгиланган муддатда рўйхатдан ўтказилмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланмайди ва белгиланган тартибда бекор қилинади ҳамда ушбу ўрмон фонди ер участкаси қайта электрон онлайн-аукционга қўйилади.

Ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади: 

давлат ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришни ташкил этишда қонунийлик, тенглик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш; 

ижарага берилаётган давлат ўрмон фонди ер участкалари мониторингини юритиш;

ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш талабларига қаътий риоя этиш; 

ижарага бериладиган давлат ўрмон фонди ер участкалари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш. 

2024 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини “E-auksion” платформаси орқали ижарага беришда қуйидаги ҳолларда ижара тўловининг “ноль” ставкаси қўлланилади, бунда: 

ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун - уч йил давомида; 

ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун - беш йил давомида;

ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун - ўн йил давомида. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги: 

2024 йил 1 январга қадар “Ижарага берилган ўрмон фонди ерлари ҳисобини юритиш” ахборот-биллинг тизимини ишга туширади; 

2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича барча амалдаги шартномаларни хатловдан ўтказади ва мазкур қарорга мувофиқлаштирган ҳолда, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказади.

 

ЎзА