Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрмон билан қопланган майдонлар 6,1 миллион гектарга етказилади
16:13 / 2026-03-02

Шарҳ

Бугун экологик муаммолар ҳар қачонгидан долзарблашиб бормоқда. Шу боис ҳам мамлакатимизда экология масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.  

"Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш" йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ҳам экологик мувозанатни сақлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид масалалар устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Жумладан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард метр куб сувни иқтисод қилиш, тупроқ ўзанли магистраль ва хўжаликлараро каналларда бетон қоплама улушини 42 фоизга етказиш, ичимлик суви ҳисобини юритиш мақсадида истеъмолчиларга 305 минг 90 дона сув ҳисоблагичлар ўрнатиш каби муҳим вазифалар ўз аксини топган. Мазкур вазифалар сув тақчиллиги муаммосини юмшатиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилади.  

Шунингдек, Давлат дастурида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини кенгайтириш, аҳоли учун соғлом ва қулай экологик муҳит яратадиган яшил майдонларни кўпайтириш масалаларига ҳам устуворлик берилган.  

Жумладан, республика ҳудудидаги 500 минг туп дарахтларни рақамлаштириш орқали уларнинг паспортини яратиш, ўрмон билан қопланган майдонларни 6,1 миллион гектарга, Орол денгизи ҳудудида яшил майдонларнинг умумий ҳажмини 2,6 миллион гектарга етказиш каби янги самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган. Бу чораларнинг ҳаётга татбиқ этилиши яшил қопламаларни кўпайтириш орқали биохилма-хилликни, атмосфера ҳавосининг мўътадиллигини таъминлашга ҳисса қўшади.  

Бундан ташқари, атмосфера ҳавосини зарарламайдиган ва экологик тоза автомобилларни сотиб олиш учун аҳолига қулай шароитларни яратиш борасида ҳам муайян мақсад-вазифалар кўзда тутилган. Бу борада электромобилларни сотиб олиш учун 16 фоизгача ставкада банк автокредитларини адолатли ажратишни йўлга қўйиш, электромобилларни сотиб олиш учун ажратиладиган банк кредитлари фоизларининг ошган қисмини тижорат банкларига Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.  

Шу билан бирга, атмосферага зарарли ташланмаларни чиқараётган корхоналарнинг экологик тоза ускуналардан фойдаланишини рағбатлантириш чоралари кўрилади. Хусусан, йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станциясини ўрнатиш учун 100 миллион долларлик 7 йилга мўлжалланган кредит линияларини очиш вазифаси белгиланган.

Яқинда Тошкент шаҳри ва бир қатор ҳудудлар атмосфераси бузилиши оқибатида гувоҳи бўлдикки, ҳавога зарарли ташланмаларни чиқараётган корхоналар ва иссиқхоналарда тозалаш иншоотларининг ўрнатилмагани атмосферага қанчалик зарар келтиради! Шундай экан, корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва мониторинг қилиш станциясини ўрнатиш учун кредитлар ажратилиши, имтиёзлар берилиши атмосфера ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.  

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастурида экология ва сув ресурсларини ҳимоя қилишга қаратилган мақсад-вазифалар табиатни асраш, аҳоли учун қулай табиий муҳитни қарор топтиришга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА