Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрикзор бағридаги оромгоҳ
16:06 / 2025-06-23

ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўқувчи-ёшларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини самарали ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Фарғона вилоятида пухта тайёргарлик кўрилди.  

Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Музаффар Маматқуловнинг айтишича, ҳудуддаги 14 та стационар ва 114 та мактаб қошидаги кундузги оромгоҳларга мавсум давомида 37 800 нафар болани қамраб олиш кўзда тутилган. Айни кунларда бу оромгоҳларнинг барчаси ўғил-қизларга ўз бағрини очган.

Риштон тумани “Қўрғонча” МФЙдаги “Риштон” оромгоҳи 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, ўрикзор бағрида жойлашган.  

 - Оромгоҳимиз  ҳудудидаги 4,5 гектар ер майдонида минг тупдан ортиқ манзарали, 300 тупдан ортиқ мевали дарахтлар борлиги ёзнинг жазирама кунларида ҳам салқинликни таъминлаб беряпти, - дейди муассаса директори Акмал Тўрақулов. - Оромгоҳимизда таътилни ўтказишни истовчи ўқувчилар сони ортиб бормоқда. Жорий йилги  ёз мавсумида 12 кундан иборат 5 босқичли жараёнда  600 нафар болани соғломлаштиришни режалаштирганмиз. Куни-кеча биринчи босқичда дам олган 120 нафарга яқин ўқувчини уйларига кузатдик.

Оромгоҳда болаларнинг ҳам бир кунини мазмунли ва мароқли ўтказиши учун қизиқарли лойиҳалар йўлга қўйилган. “Болалар фестивали” кунида Янги Ўзбекистон ғоясини ўзида мужассамлаштирган расмлар, шеърлар, қўшиқлар танловига эътибор қаратилса, “Ҳарбий ватанпарварлик” куни ҳарбийлаштирилган эстафета ва оммавий спорт турлари бўйича мусобақалар ташкиллаштирилади. “Миллий қадриятлар” кунига мос равишда миллий спорт ўйинлари, миллий либослар намойиши ва уларнинг халқимиз тарихида тутган ўрни ҳақида болаларга маълумотлар берилади. Шу билан бирга “Заковат”, “Ижод ва истеъдод”, “Она табиатни асраш”, “Моҳир қўллар”, “Ёш архитектор”, “Миллатлар дўстлиги”, “Туризм ва ўлкашунослик” бош мавзу бўлган машғулотлар  ўқувчиларнинг  тафаккурини бойитаёгани ҳамда  уларга турли йўналишларда ўз салоҳиятини намойиш қилиш имконини бераётгани билан аҳамиятли.

[gallery-24010]

- Оиламиз билан Тошкентда яшаймиз. Иброҳим, Исмоил, Искандар исмли уч ўғлим ҳам бу йилги таътилни ўтказиш учун “Риштон” оромгоҳини танлашди, - дейди Зуҳрахон Ражабова. - Мендан кўпинча пойтахтга яқин шунча оромгоҳлар туриб, нега “Риштон”ни танлашимизни сўрашади. Шахсан менга ва фарзандларимга бу оромгоҳнинг барҳаво ҳудудда жойлашгани ҳамда иш юритиш услуби намунали экани жуда маъқул келади.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА