Баҳор фасллар келинчаги, дейишади. Келинчак эса ёшлик, гўзаллик тимсолидир. Фарғона боғлари бугун келинчак либосида кўзларни қамаштиргандек гуллаб ётибди. Айни шу паллада Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси ва ташкилотчилигида Ўзбекистон туманидаги бепоён боғлар бағрида илк бор “Ўрик гуллаганда” ёшлар ижодиёт фестивали бўлиб ўтди. Унга вилоятнинг ижодкор ёшлари ташриф буюрдилар. Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Раҳимов очар экан, ёшларга эътибор, айниқса ижодкор йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш янада кенгроқ кўлам олишини таъкидлади. Сўзга чиққанлар давлат дастури доирасидаги барча мақсадларга эришилаётганини ифтихор билан қайд этдилар.
Гуллар ва қушлар кўргазмаси, сумалак сайли, миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ташкил этилди. Варраклар учириш танлови иштирокчилари мовий осмонни тўлдирди. Ёш рассомлар табиат манзараларини қоғозға туширдилар. Миллий либослар кўргазмаси ҳаммани маҳлиё этди.


“Ўрик гуллаганда” фестивалига вилоят ва республиканинг иқтидорли шоирлари ҳам келишган эди. Шу ерда баҳор, ёшлик, гўзалликни мадҳ этувчи янги ёзилган шеърлар ўқилди. Фестивал иштирокчилари уларни қутлаб турдилар.
–Бу жуда катта ташаббус. Мамлакатимиздаги 130 дан ортиқ миллат вакиллари ана шундай тантаналарга муносиб. Ҳамма, айниқса ёшлар мириқиб байрам қиляпти, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ботир Эргашев. –Болалар қўлларидан телефонларини олиб, уларни вертуал ўйинлардан чалғитиб, халқона ўйинларга жалб килишимиз керак. Чунки миллий ўйинларимиз йигитни йигит қилади. Уларни лочинкўз қилиб тарбиялайди. Қизларимизга орият, иффатни ўргатади. Мен ҳам шундай халқ ўйинларини ўйнаб катта бўлганман.


Фестивалда мириқиб дам олган, давра тўрини тўлдириб ўйнаб-кулган ёшлар бўлишди. Дарҳақиқат, улар “виртуал олам” дан табиат қўйнида уйғунлашиб кетган эдилар.
–Мен ўзим 8 синф ўйқувчисиман. Синфдошларимнинг барчасида телефон бор. Бунда ҳар хил ўйинлар ўйнаймиз. Ижтимоий тармоқни кузатамиз. Лекин бугунги сайлда одамлар билан мулоқот қилдик ва у бутунлай ўзгача таасурот қолдирди бизда, - дейди учкўприклик Кўҳинур Абдуллаева. –Президентимизнинг ёшларга бераётган эътиборлари учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз ёшлар мана шундай сайиллар ҳар йили давом этишини хоҳлаймиз.


Фестивал доирасида вилоят санъат усталари катта концерт намойиш этдилар. Боғлар бағридаги улкан майдон ўйин-кулгу саҳнасига айланди.
–Ўзбекистон туманида қарийб 6 минг гектардан ошиқ боғлар бўлиб. Унинг аксарият қисмини ўрикзорлар ташкил этади. Унинг мевалари шифобахшлиги билан машҳур. Лекин улар баҳорда шундай гўзал гуллайдики, ўша манзарани ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон тумани бўлими раҳбари Улуғбек Раззоқов. – Шу гўзалликни тарғиб қилиш мақсадида Ёшлар агентлиги “Ўрик гуллаганда” шиори остида ёшлар ижодиёт фестивали ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Уни вилоят ҳокимлиги мақуллади. Очиғи, бунча ёшлар иштирок этади деб ўйламагандим. Ёшлар табиатни соғинишган экан. Фестивалдан биз қувват олдик. Бундан буён “Ўрик гуллаганда” ижодиёт фестивалини ўтказишни анъанага айлантирамиз.


Фестивалда миллий маданият марказлари, қўшни қирғизистонлик ёшлар, Фарғонада таълим олаётган хорижлик талабалар ҳам қатнашдилар. Ёшлар аскиячи ва қизиқчиларнинг чиқишини ҳам эътибор билан томоша қилдилар.
“Ўрик гуллаганда” ёшлар ижодиёт фестивалини Фарғона вилояти бошлаб берди. Ишончимиз комилки, у мамлакат бўйлаб давом этади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wQeHpgvExQo" title="“OʻRIK GULLAGANDA” YoSHLAR FESTIVALI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА