Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўрганишларда 396 та сифатсиз қурилган объект аниқланган
18:01 / 2025-09-19

Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланиб бормоқда. Замонавий кўринишдаги турли ижтимоий соҳа объектлари, турар жой бинолари фойдаланишга топширилмоқда. Ана шундай бир шароитда қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, аҳоли учун барпо этилаётган бино ва иншоотларнинг сифатини таъминлаш ҳамда назорат тизимини такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда унинг парламентдаги фракцияси ташаббуси билан ташкил этилган “Бино ва иншоотларнинг сифатсиз қурилиши, қурилиш назоратидаги камчиликлар ҳамда объектлар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар” мавзусидаги давра суҳбатида айни шу масалалар муҳокама қилинди. 

Давра суҳбатида қурилиш соҳасида кузатилаётган муаммолар – сифатсиз ишлар ва материаллар, техник назорат тизимининг самарасизлиги, лицензия беришда шаффофлик етишмаслиги, коррупция ҳолатлари ва объектлар хавфсизлигига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Маълум қилинганидек, Бош прокуратура ва Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганишларда 396 та сифатсиз қурилган объект аниқланган. 200 дан зиёд ҳолат бўйича судга даъво киритилиб, 100 дан ортиқ ноқонуний қурилиш бузилган.

Депутатлар жойлардаги ўрганишлар давомида соҳада аниқланган камчилик ва муаммолар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар. Шунингдек, иштирокчилар қонунчиликни такомиллаштириш, назоратни кучайтириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш бўйича таклифларни илгари сурдилар.

Йиғилиш якунида қурилишда сифат ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли давлат органларига қонунчилик ва амалий ислоҳотларга оид таклифлар тақдим этиладиган бўлди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА