Сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнда солиқ органлари ва “Маҳалла еттилиги” ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига жисмоний шахсларга тегишли турар жой объектлари бўйича 2025 йилнинг январь–декабрь ойларида жами 4,6 триллион сўм солиқ ҳисобланган. Ушбу маблағларнинг 465,7 миллиард сўми бевосита маҳалла бюджетларида қолдирилгани маҳаллалар молиявий мустақиллигини ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Таҳлилларга кўра, солиқ тушумлари ҳажми бўйича қуйидаги ҳудудлар етакчи ўринларни эгаллади. Самарқанд вилояти 640 миллиард сўм, Тошкент вилояти 450,5 миллиард сўм, Фарғона вилояти 448,3 миллиард сўм, Қашқадарё вилояти 447 миллиард сўм, Тошкент шаҳри 434,8 миллиард сўмни ташкил этган.
Мазкур рақамлар ҳудудларда солиқ интизоми мустаҳкамланаётгани, аҳоли ва маҳалла тузилмалари билан ҳамкорлик самара бераётганини кўрсатади.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида ўтказилган ўрганишлар натижасида қўшимча 709 минг 953 та солиқ объекти аниқланди. Бу эса солиқ базасини кенгайтириш, яширин қолиб келаётган даромадларни ҳисобга олиш имконини берди.
Шунингдек, солиқ органлари, маҳалла фаоллари ва бошқа мутасадди тузилмалар ҳамкорлигида 202 минг 739 нафар норасмий ишчининг фаолияти қонуний майдонга олиб чиқилди. Бу нафақат солиқ тушумларининг ошишига, балки аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг меҳнат стажини расмийлаштириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, солиқ инспекторлари ва “Маҳалла еттилиги” ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик амалиётда ўз самарасини бермоқда. Рақамлаштириш, маҳаллабай ишлаш тизими ва очиқ мулоқот орқали солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетлар имкониятини кенгайтириш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича аниқ натижаларга эришилмоқда.
Келгусида ушбу тизимни янада ривожлантириш, таҳлилий ёндашув ва рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш орқали солиқ тизими самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Ш.Маматуропова, ЎзА