ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Мингбулоқ туманида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган баҳорги юмушлар ҳамда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилмоқда.
Мазкур маҳалла аҳолиси ихтиёрида жами 127 гектар томорқа майдони мавжуд бўлиб, ҳозирга қадар унинг фақат 87 гектарига экинлар жойлаштириб бўлинган. Вилоят ҳокими томорқалардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб, баҳорнинг бир куни йилга татийди, деган нақлга амал қилиш кераклигини уқтирди.
Ишчи гуруҳ “Истиқбол” ММТП ҳудудида жойлашган “Мулкобод орзулар диёри” фермер хўжалиги ғалла майдонларида бегона ўт ва касалликларга қарши курашиш ҳамда ерни азотли ўғитлар билан озиқлантириш жараёни билан танишди. Буғдой ниҳоллари парваришидаги долзарб агротехник тадбирларни сифатли бажариш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, “Гигант” ММТП ҳудудидаги “Гигант агросервис” фермер хўжалигида ерни чигит экишга тайёрлаш, ғалла майдонларини бегона ўтлардан ва касалликлардан ҳимоялаш жараёнлари, деҳқон хўжаликларида тўқсонбости экинлари парвариши кўздан кечирилди.
Шундан сўнг, Уюрчи-Дамкўл маҳалласи Жамолобод кўчасида яшовчи Шермамат Имомов хонадони кўздан кечирилди.
Ушбу оила аъзолари чорвачилик ва касаначилик асосида тикувчилик билан ҳам шуғулланади. Томорқада картошка, тўқсонбости экинлари ва кўкатлар экилган. Бир сўз билан айтганда, оилада ҳалол меҳнат ортидан қут-барака ҳукмрон.
[gallery-16550]
Вилоят раҳбари маҳалла фаоллари билан суҳбатда томорқадан самарали фойдаланиш афзалликлари ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
“Гулбоғ-1” ММТП ҳудудида жойлашган “Дилшодбек орзуси” фермер хўжалигида чигит экишга ер тайёрлаш, ички ариқларни бетонлаштириш жараёни кўздан кечирилди.
– Ўтган йили 76 схемада пахта экиб, 45 центнергача ҳосил олдим, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Бекназаров. – Бу йилги мақсадим 50 центнер.
Ўрганишлар якунида Меҳнатобод маҳалласига борилди. Қаҳрамонлар кўчасида яшовчи Тошқин Бозорбоев хонадонида ташкил этилган инкубатория билан танишилди.
Бу ерда тадбиркор бир йўла 15000 та тухумни жўжа қилиб чиқаради. 10 мингга яқин парранда боқмоқда.
Мингбулоқда бу каби имкониятлар катта эканлиги эътироф этилиб, улардан унумли фойдаланиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш кераклиги таъкидланди.
Вилоят раҳбари ёш тадбиркорнинг келгуси режалари билан танишди. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларида бу каби тажрибаларни оммалаштириш лозимлигини таъкидлади.
Ўрганишлар давомида “Гигант” ММТП ҳудудидаги “Файзимуҳаммад ота Ч” фермер хўжалигида ички ариқларни бетонлаштириш, кўчат экиш, ободонлаштириш, ерни чигит экишга тайёрлаш ишлари билан танишилди.
Сув исрофини олдини олиш, дала майдонлари атрофини кўкаламзорлаштириш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Ўрганишлар давом этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА