Яқинда ижтимоий тармоқларда мамлакатимиздаги айрим автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан олинган автобензинлар давлат стандарт кўрсаткичларига мос келмаётгани ва сифатсиз экани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Бу борада Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Ўзэнергоинспекция” билан ҳамкорликда аҳолини сифатли бензин маҳсулотлари билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилди. Жорий йил ноябрь-декабрь ойларида республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин маҳсулотларининг назорат харидлари ўтказилди.
Ушбу ўрганиш тадбирлари давомида 82 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидан харид қилинган бензин маҳсулотлари белгиланган тартибда тегишли лабораторияларга тақдим этилган ва уларнинг дастлабки қисми бўйича маълумотлар олинган.
Лаборатория таҳлилларига асосан, дастлабки ўрганишлар натижасида 21 ҳолатда бензин маҳсулотларининг сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 4 та ҳолатда эса белгиланган миқдордан кам қуйиш ҳолатлари аниқланган. Бунда дастлабки ўрганишларга кўра, жами истеъмолчиларга 300 миллион сўмга яқин зарар етказилгани аниқланган.
Жумладан, “Гулнора газ сервис” МЧЖ (Қорақалпоғистон Республикаси), “International petrolium” МЧЖ (Сирдарё) “ИСКРА” ХК, “ҲАМКОР ИМЕЖ” МЧЖ, “НАЗАР ОТА” КТХФ, “ШEР ГРАНД ГАЗ” ХК, “ШОДЛИК ТУҲФАСИ” МЧЖ ва “ВEРСАЛ ОИЛ” МЧЖ (Жиззах в.) “Қаро Олтин Ёғдуси” МЧЖ, “Лутф ҲАҚ” МЧЖ “ВОДИЙ ПРОПАН ГАЗ СEРВИС” МЧЖ ва (Фарғона), “Макс Эко оил” МЧЖ (Қашқадарё), “Марказий Газ Оил” МЧЖ, “Брава Оил Cо” МЧЖ, “Фойкон” МЧЖ “Моҳинур Оил” ХК, “Бобуршох Плюс Оил” МЧЖ, “Элит Транзит Оил” МЧЖ, “Мустақиллик-2001” МЧЖ (Андижон) ҳамда “БАРС” МЧЖ (Тошкент в.) ларга қарашли АЁҚШларда бензин маҳсулотлари сифат даражасида эмаслиги тўғрисида лаборатория хулосалари тақдим этилган.
Шунингдек, “РАСУЛ” кўп тармоқли хусусий савдо корхонаси (Андижон в.) “City petrol” МЧЖ, “Жасур Жўрабек Толиб нури” МЧЖ ва “Хуш Бахт Зар” МЧЖ (Бухоро) қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин маҳсулотларини кам қуйиш ҳолатлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига биноан нуқсонли товар сотилганда нуқсонларни бартараф этиш, кўрилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳолатлар белгилаб ўтилган. Шунингдек, ушбу қонуннинг 26-моддасида товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини таъминлаш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи бошқа давлат бошқарув органлари билан ўз ваколатлари доирасида товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлишига ва уларнинг сифатига доир мажбурий талабларни белгилайдилар ҳамда бу талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан иш қўзғатилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплатиш чоралари кўрилаётир. Шунингдек, қўмита “Ўзэнергоинспекция” билан ҳамкорликда сифатсиз бензин маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш бўйича тегишли ишлар амалга ошириб келинаётганини маълум қилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА