Жиззах вилоятида “Ўзагростар холдинг” компанияси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим ўзгаришларга, хусусан, органик полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича илғор тажрибаларга гувоҳ бўлдилар.
Тадбир доирасида нафақат маҳсулот етиштириш услублари, балки халқ саломатлиги, экспорт салоҳияти ва бозор барқарорлигига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Бугун истеъмолчиларни “Нега мазаси ширин бўлса-да, қовун-тарвузларимиз экспортбоп эмас?”, “Нега нархи кун сайин ошиб бормоқда?” каби саволлар ўйлантирмоқда. Энг аламлиси, баъзи маҳсулотларда нитрат миқдорининг ортиқча экани сабаб, заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ана шундай муаммоларга жавоб сифатида Жиззахда органик усулда қовун-тарвуз етиштириш ташаббуслари ҳаётга жорий этилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Пахтакор туманида фаолият юритаётган “Мирзачўл-Агро Стар” ихтисослашган компаниясида қовун-тарвузчиликни ривожлантириш борасида Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Сардоба, Оқолтин, Ховос туманлари, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала, Хоразм вилоятининг Янгибозор ва Гурлан туманларининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
– Бу ерда органик полизчиликка ўтиш нафақат табиат, балки инсон соғлиғи учун ҳам ҳаётий аҳамият касб этади, – дейди агроном Маҳмуд Номозов. – Ҳар бир уруғ шифо манбаи сингари эҳтиёткорлик билан экилади. Бизнинг синов майдонларимизда Хитойнинг “Jin Tian №1”, “Jin Tian №3” қовун, “Jin Mi F1”, “Jin Zhong Yuan №1”, “Zhong Yuan №5” тарвуз навлари маҳаллий иқлимга мослаштирилмоқда. Барча жараёнларда кимёвий воситалардан мутлақо фойдаланилмайди. Яқин кунларда биринчи ҳосилни йиғиб оламиз.
Ана шу майдонда нафақат маҳсулот, балки илм ва тажриба ҳам ўсмоқда. 5 гектарлик тажриба ҳудудида 1 гектар иссиқхона ва 4 гектар очиқ далада парваришланаётган навлар келгусида оммавий тарзда экилиши кўзда тутилган. Қизил қовун, уруғсиз тарвуз каби эътибор қозонаётган навлар маҳаллий фермерлар меҳнати ва замонавий ёндашув самарасидир.
Шунингдек, “Ўзагростар холдинг” компанияси ташаббуси билан йўлга қўйилган “Томорқа мактаби” орқали йил охиригача 600 нафар ер эгаси органик маҳсулот етиштиришнинг нозик жиҳатларини ўрганади. Ушбу ўқувлар натижасида улар халқаро бозорларда талаб юқори бўлган “Органик” сертификатини олиш имконига эга бўладилар.
Муттахассислар таъкидлаганидек, органик маҳсулот — бу фақат “табиий” дегани эмас. Бу — инсоният ва табиат ўртасидаги тенг мувозанат, тупроққа бўлган эҳтиром ва бардавомликдир. Табиий ўғитлар, томчилатиб суғориш, ақлли сув тақсимлагичлар — буларнинг барчаси деҳқоннинг ишини енгиллаштириб, ҳосилни сифатли ва барқарор қилади.
[gallery-25088]
Компания томонидан илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш, тупроқнинг табиий ресурсларини асраб-авайлашга қаратилган ишлар орқали вилоятда янги қишлоқ хўжалиги маданияти шаклланмоқда.
Бугун қовун-тарвузнинг мазаси, нархи ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо энг муҳим жиҳати, унинг инсон саломатлиги учун хавфсизлигидир. Жиззахлик фермерлар эса айнан шунга эътибор қаратмоқда: соғлом ҳосил етиштирилмоқда. Шундай маҳсулот эса, шубҳасиз, нафақат бозорни, балки дастурхон тўрида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари