Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир талаблар белгиланмоқда
15:17 / 2022-03-03

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар парламент юқори палатасининг барча қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмоқда.

Органик маҳсулотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилаётган “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги қонунда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Бундан ташқари, органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўтиш шартлари, органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир талаблар, органик маҳсулотларни давлатимиз ҳудудига олиб кириш ва республикамиздан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда.  
 
Қонуннинг қабул қилиниши билан органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилади.  Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари учун муносабатларни муфассал ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.  


 
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.   
 
Қайд этилганидек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га келиб тушган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва экологик ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар фуқароларнинг ҳуқуқий онги юксалиб бораётганидан дарак беради.   
 
Тегишли масъуллар томонидан мурожаатлар тўлиқ, холисона кўриб чиқилмаганлиги ҳамда мурожаат муаллифларига жавоб хатлари ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 4 минг 655 тасини ёки 25 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилади. Бу эса олдинги йилга нисбатан 2 бараварга кўпайганлигини кўрсатади.  


 
Қўмита мажлисида экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ушбу йўналишда 122 та мурожаат бўлган. Қўмита вакиллари ушбу мурожаатларнинг ҳал этилмай қолганларининг тақдири билан қизиқди. Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлиги билдирилди.   
 
Мажлис сўнггида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА