French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўғри фойдаланиш пайти келди
18:32 / 2020-05-19

Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепциясида айнан бу жараёндаги аниқ вазифалар белгиланган.

Муносабат 

Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу бежизга эмас, албатта. Бироқ жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, республикамизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун зарур чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маҳсулотларнинг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Республикада Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилашнинг аҳамияти ортмоқда. Шунингдек, экспорт географиясини кенгайтириш, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепциясида айнан бу жараёндаги аниқ вазифалар белгиланган. Жумладан, 2020-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларида босқичма-босқич органик ишлаб чиқаришга ўтишнинг прогноз кўрсаткичлари яратилади. Бу эса келгуси фаолиятимизни тўғри ташкил этиш, етиштирилаётган мева-сабзавотларни жаҳон бозорида янада харидоргирлиги таъминланишига ёрдам беради.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши корхоналари ва кластерлари томонидан органик пахта хомашёси етиштириш, органик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади. Бунда тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари ва кластерлар фаолияти кенгайтирилади.

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда туризм соҳаси анча оммалашди. Шу туфайли ҳудудларда агроэкотуризм жозибадорлигини янада ошириш учун органик бозорлар ва ресторанлар ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирларни бажариш муҳимдир. Бу борада ҳам режага мувофиқ ишлар қилинади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P.) доирасидаги барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи деб белгиланди. Ўз навбатида бу вазирлик олдига катта масъулият юклайди. Айниқса, бу жараёнда органик маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, сотиш ва сертификатлаш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолиятининг эквивалентлигини баҳолаш ва авторизациялаш тизимини яратиш долзарб ҳисобланади.

Мазкур ҳужжатда халқаро тан олинган стандартларни жорий қилишда институционал ёндошиш белгиланган бўлиб, ушбу масалаларни тизимли ечиш бўйича Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да зарур вазифалар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш бўйича малакали кадрлар тайёрланиб, уларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилади. Миллий ишлаб чиқарувчилар учун ички бозор ривожлантирилиб, экспорт географияси кенгайтирилади. Бундан ташқари, белгиланган барча вазифаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш мақсадида соҳадаги бир қатор жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Флора ва фаунани сақлаб туришда атроф-муҳитни зарарли таъсирлашни минимизациялаш керак. Анъанавий усулда ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун агрокимёвий воситалардан фойдаланиш қисқартирилади, органик усулда ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун агрокимёвий воситалар қўлланилмайди. Табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги янада оширилади. Ишчилар саломатлиги ва меҳнат хавфсизлиги белгиланган талабларга мувофиқ таъминланади.

Умуман олганда, ушбу саъй-ҳаракатлар соҳани янада ривожлантиради.

Анвар ЖУМАНОВ,
Қишлоқ хўжалигида стандартлаштириш маркази директори.