Эммануэль Макроннинг Ўзбекистонга ташрифи тафсилоти Франция элчиси талқинида
Сўнгги йилларда Ўзбекистон турли йўналишларда халқаро ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтириб бормоқда. Айниқса, республикамиз Осиёдан тортиб, Европа ва Америка давлатларигача барча соҳаларда янгича таклиф, ташаббуслар илгари сураётган юрт сифатида дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўляпти.
Бугун йирик лойиҳалар устида иш олиб бораётган, турли мамлакатларда маданий салоҳиятини намойиш этиб келаётган мамлакатимиз Европа давлатлари, жумладан, Франция билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатган.
Ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга иккинчи тарихий ташрифи амалга оширилди. Бугун, Президент Эммануэль Макрон расмий ташриф билан юртимизга келади.
Ушбу воқеа олдидан ЎзА мухбири Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез билан икки томонлама алоқанинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи хусусида суҳбатлашди.
– Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги яқин муносабат кундан-кунга ривожланиб боряпти. Сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик йўналишларида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилаётгани ойдек равшан. “Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”га мувофиқ, Франция билан ўзаро савдода энг қулай, имтиёзли режим ўрнатилганини қайд этиш жоиз.
Маданият ва санъат соҳасидаги йирик лойиҳаларга асосланган халқаро кўргазмалар, мода ҳафталиги, санъат, куй-наво шайдолари учун ташкил этилаётган жонли концертлар...
Орелия Бушез хоним, келинг суҳбатимизни ўтган йил икки давлат ҳаётида беқиёс аҳамият касб этган ташриф билан бошласак. Шавкат Мирзиёевнинг Парижга амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувлар, имзоланган ҳужжатлар ижроси бўйича ўтган давр мобайни қандай ишлар амалга оширилди?
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил ноябрь ойида Парижга ташрифи, энг аввало, иқтисодий, маданий ва сиёсий жиҳатдан жуда бой, сермазмун бўлди. Бу воқеа тўрт йил аввал амалга оширилган биринчи ташрифдан кейин мамлакатларимиз мисли кўрилмаган даражада яқинлашгани, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстлик риштаси янада мустаҳкамланганининг исботидир.
Мазкур ташриф чоғида икки давлат етакчилари Лувр музейи ва Араб дунёси институтида ўзбек маданий ва тарихий меросига бағишланган икки ноёб кўргазмани очиб берди. Бу лойиҳалар Франция жамоатчилиги ва пойтахтга ташриф буюрган сайёҳлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Луврдаги “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари” кўргазмасига 300 мингдан зиёд киши ташриф буюрганини мамнуният билан таъкидламоқчи эдим.
Келишувлар турли соҳаларни қамраб олиб, жами ўн учта ҳужжатга қўл қўйилди. Якунда қабул қилинган қўшма баёнотда давлат раҳбарлари учрашуви қандай кайфиятда ўтгани, ўзаро муносабатимиз, истиқболдаги қарашлар акс этди.
Умумий қиймати 5 миллиард еврога тенг ўттиздан зиёд иқтисодий битим имзоланди. Булар орасида жами 1 миллиард евроли Франция тараққиёт агентлиги кредит дастури алоҳида аҳамиятга эга.
Келишувлар доирасидаги лойиҳалар бўйича ишлар айни пайт қизғин давом этмоқда. Қувонарлиси, аниқ натижаларга эришилган. Таълим соҳасидаги ҳужжатлар француз тилини ўқитиш бўйича ҳамкорлигимизга сезиларли туртки берди. Хусусан, биз Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги мактабларда француз тилини иккинчи чет тили сифатида ўқитишни ривожлантиришга нисбатан ҳақиқий истакни кўрдик.
Маълумки, Франция ва Ўзбекистон аэронавтика соҳасида узоқ вақт давомида ҳамкорлик қилиб келяпти. Жумладан, “Ўзавиация” фуқаро авиацияси агентлиги ва Франция Фуқаро авиацияси бош бошқармаси ўртасида имзоланган келишув доирасида ўзбекистонлик ўн икки нафар инспектор Тошкент шаҳрига таклиф этилган француз мутахассиси томонидан назорат текшируви ўтказиш бўйича семинар-тренингда қатнашган. Франция иқлим ўзгариши каби глобал муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, Марказий Осиёда сув муаммоси жуда долзарб. Марказий Осиё халқаро институти ва Франциянинг Марказий Осиё тадқиқот институти ўртасида имзоланган келишувга мувофиқ, “Марказий Осиёда сув” мавзусига бағишланган анжуман ҳамкорликда ташкил этилди.
Иқтисодий соҳада ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 2022 йил ноябрь ойида имзоланган келишув доирасида энг кўзга кўринган ютуғимиз “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учун “Эйрбус А320/А321” ва “Силкавиа АТР72-600” сотиб олинишидир. “Алстом” билан имзоланган йўл харитаси асосида йўлга қўйилаётган бўлажак Тошкент трамвай тизими, “Суез” компанияси томонидан пойтахт сув таъминоти тизимини модернизация қилиш каби йирик лойиҳалар ҳам мавжуд.
– Шавкат Мирзиёев Францияга иккинчи расмий ташрифи чоғида Президент Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган эди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас жаноб Макрон Ўзбекистонга илк расмий ташрифини амалга оширмоқда. Сизнингча, юқори мартабали меҳмоннинг келиши, ўтадиган тадбирларнинг аҳамияти нимада?
– Президент Эммануэль Макроннинг расмий ташрифи бир неча жиҳати билан тарихий воқеа. Биринчидан, бу Франсуа Миттераннинг 1994 йил апрелдаги сафаридан кейин Франция етакчисининг Ўзбекистонга илк бор келиши. Иккинчидан, бу ташриф 1993 йил 27 октябрь санасида икки давлат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим имзоланишига ўттиз йил тўлиши муносабати билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Ғарбдаги ҳамкорлари орасидан биринчи бўлиб имзолаган Битим мамлакатингиз мустақилликка эришгандан кейин юртимизга билдирган юксак ишончни кўрсатади. Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Алоқаларимиз кейинги йилларда барча соҳаларда мисли кўрилмаган даражада жадал тус олди.
Президентимизнинг ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани ҳам шундан: бу ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Ва ниҳоят, ушбу ташриф учун Самарқанд шаҳри танланиши билан Европа давлатлари раҳбарларининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифларидан ажралиб туради.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил Париж шаҳрига амалга оширган ташрифи Ўзбекистонга бағишланган икки кўргазманинг очилиши билан ўзига хос маданий аҳамият касб этди, қолаверса, кўплаб институционал ва иқтисодий шартномалар тузиш имконини берди. Франция Президентининг ташрифидан нималар кутамиз?
– Расмий ташриф тўртта асосий мақсадни кўзлаган:
Франция Президенти Ўзбекистон суверенитетини қўллаб-қувватлашини ва мамлакатнинг халқаро шериклик алоқаларини диверсификация қилиш истагини намойиш этиш ниятида. Бу, айниқса, Афғонистонда Толибон ҳокимиятга қайтган ва Россия – Украина зиддияти давом этаётган бир пайтда муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, мазкур ташриф янги иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали муносабатимизни энергетика, шаҳар хизмати, транспорт соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш имконини беради.
Пайшанба куни бўлиб ўтадиган бизнес-форум доирасида Франциянинг йирик компаниялари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бир қанча келишувлар имзоланади. Мазкур анжуман 50 дан зиёд француз компанияси вакилларини жамлайди, бу Франция компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ва иштиёқи ортиб бораётганидан далолат. Президент икки томонлама савдо-саноат палатаси очилишида ҳам иштирок этади. Демак, иқтисодий муносабатларимизда янги суръат чинакамига акс этади.
Яна бир мақсад: глобал муаммолар, хусусан, Марказий Осиёга таъсир этувчи иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш. Бу масала бўйича сиёсий мулоқотдан ташқари, Франция тараққиёт агентлиги томонидан ажратилган инвестиция эвазига Ўзбекистоннинг яшил энергияга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракати қўллаб-қувватланмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш – ўзбек ёшлари ва таълим. Бунда биз Президент Мирзиёев белгилаб берган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаймиз. Таълим вазирликлари ўртасида француз тили ўқитувчилари малакасини ошириш, касб-ҳунар, мактабгача таълим тизими ва мактаб ўқувчилари учун ДЕЛФ сертификатини жорий этиш каби мавзуларни қамраб олган келишув имзоланади.
Макрон Самарқанд француз альянси очилиш маросимида қатнашади. Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган ушбу француз тили ва маданияти маркази француз тилини ўрганиш истагидаги ёшлар учун энг севимли жойга айланиши шубҳасиз. Мажуманинг очилиши тарихий шаҳарда француз сайёҳлари сони кўпайиши туфайли француз тилига нисбатан ортаётган кучли талабга муносиб жавоб бўлади.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.