Қоракўлда замонавий кураш маркази иш бошлади
Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани азал-азалдан ўзининг номдор полвонлари билан донг таратган.
Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани азал-азалдан ўзининг номдор полвонлари билан донг таратган. Юртимиз ва жаҳон майдонларида ўтказилаётган нуфузли халқаро мусобақаларда қоракўллик полвонларнинг юксак чўққиларни забт этаётгани ҳам бунга ёрқин мисол бўлади. Қоракўл кураш мактаби эришган муваффақиятларда тумандаги Қораун қишлоғидан етишиб чиққан полвонларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ушбу қишлоқни бежиз “полвонлар қишлоғи” деб аташмайди. Қораундан етишиб чиққан полвонлар шарафига эндиликда маҳалла номи ҳам “Полвонлар маҳалласи” номи билан расман юритилмоқда.
Истиқлолимизнинг йигирма саккиз йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мазкур маҳаллада ёшларимизга ўзбек кураши сир-асрорларини ўргатадиган “Кураш маркази” фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Марказда ёшлар учун курашдан ташқари спортнинг теннис, стол тенниси, шахмат-шашка, волейбол, мини футбол турлари билан ҳам бемалол шуғулланиши учун имкониятлар яратилган.
Шунингдек марказда Кураш тарихи музейи, 50 ўринли ётоқхона, ошхона, замон талаблари асосида жиҳозланган ўқув хоналари, тренажёр зали ҳам кураш шинавандаларига хизмат қилади. Шу ўринда бир мулоҳаза, бундай масканларни республикамизнинг барча кураш кенг оммалашган ҳудудларида ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу билан нафақат маҳоратли полвонлар тарбиялаб, вояга етказиларди, балки миллий спортимизни янада кенг оммалаштиришга муваффақ бўлинарди.