Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи унинг овқатланиши ва ҳаёт тарзига боғлиқ. Айниқса, келажак авлод тарбияланаётган мактаб ошхоналарида фарзандларимизнинг тўғри овқатланишига эътибор бериш ҳар биримизнинг вазифамиз.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари мавжуд.
Мактаб ошхонасидан биринчи навбатда озодалик талаб қилинади. Шунингдек, таълим муассасалари овқатланиш ошхоналари ходимлари томонидан шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, профилактик тиббий кўрикдан ўтиш ва касбий гигиеник тайёргарликка турли хил талаблар қўйилган.
Хусусан, ўқувчилар ўртасида юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ходимлар томонидан шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши учун ошхонада шароитлар яратилиши керак. Қўл ювиш учун барча ишлаб чиқариш цехларида иссиқ ва совуқ сувлар ўтказилиши, уларни аралаштириш мосламаси бўлган чаноқлари ўрнатилиши зарур. Алоҳида совун ва шахсий ёки бир марталик сочиқларни қўядиган жой бўлиши лозим. Ишлаб чиқариш ванналарида қўлларни ювиш мумкин эмас.
Қайд этиш лозимки, ошхона биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун аптечка билан таъминланиши зарур.
Хўш, ўқувчилар учун хизмат кўрсатаётган мактаб ошхоналари бугун қай аҳволда?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари томонидан мактабларда ошхоналарнинг тайёргарлиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, тайёрлаш шароитларини ўрганиш бўйича рейд тадбирлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонуни доирасида ўтказилган рейд тадбирларида республикадаги умумтаълим мактабларининг 2023-2024 ўқув йилига тайёргарлиги ўрганиб чиқилган. Жами 9 минг 978 та умумтаълим мактабларидан 7 минг 39 тасида 2023-2024 янги ўқув йилига тайёргарлиги, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши устидан назорат ўтказилган.
Жорий йилнинг бугунги кун ҳолатига кўра, ўрганилган умумтаълим мактабларидан жами 5 минг 398 таси фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. 1 минг 612 тасида тайёргарлик ишлари давом этмоқда. 29 та мактабда эса таъмирлаш, жиҳозлаш ва тайёргарлик ишлари мутлақо йўлга қўйилмаган.
Ҳудудлар кесимида энг яхши тайёргарлик Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида кўрилган.
– Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида умумтаълим мактаблари раҳбарларига кўрсатма ва тавсиялар берилган, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова. – Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, умумтаълим мактабларида санитария қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 2 минг 752 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий чоралар (жарималар) қўлланилди. 78 та умумтаълим мактаби иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. 1 минг 768 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмагани сабабли ишдан вақтинча четлаштирилди. Бугунги кунда аниқланган камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилиши қўмита томонидан назоратга олинган.
Аслида мактаб ўқувчиларининг таомномаси қандай бўлиши керак?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Гўзал Муҳамедованинг маълум қилишича, умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария-эпидемиологик талаблари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тартибга солинади.
Ўқувчиларга гўшт ва гўшт маҳсулотлари (I категорияли мол гўшти, бузоқ гўшти, ёғсиз қўй гўшти (ҳафтада 1-2 мартадан кўп эмас), парранда гўшти, курка, қуён гўшти, балиқ, товуқ тухумлари омлет ёки қайнатилган ҳолда тортиқ этилиши керак.
Менюдан сут ва сут маҳсулотлари (сут), пастеризацияланган, стерилланган, қуруқ, қуюлтирилган сут, қуюлтирилиб-пиширилган сут, творог, ўткир бўлмаган турдаги пишлоқ, термик қайта ишланганидан сўнг қаймоқ, кефир (қаттиқ), ёгуртлар, қизариброқ ивиган қатиқ, бифидок ва бошқа сут маҳсулотлари ва қаймоқ жой олиши мумкин.
Қандолатчилик маҳсулотлар (конфетлар зефир, қиём, мармелад маъқул), шоколад ҳафтасига бир мартадан ошмаслиги керак. Қотирилган кулча нон (галета), пишириқ, крекер, вафли, кекс (таъм берувчи моддаларсиз); пишириқлар, тортлар (уваланадиган хамирли ва бисквитли, кремсиз); қиём, мураббо, повидло, корхонада қадоқланган асал;).
Сабзавотлар (картошка, карам, гулкарам, сабзи, лавлаги, бодринглар, помидорлар, қовоқча (кабачки), кулчақовоқ (патиссон), пиёз, чеснок (кичик мактаб ёшидаги болалар учун чекланган миқдорда), петрушка (кашничсимон кўкат), шивит, селдерей (кашничсимон ошкўк), томат пастаси, томат-пюре).
Мевалар (олма, нок, олхўри, узум, ва бананлар; ҳар кимнинг истеъмол қила олиш қобилиятига қараб цитрусли (апельсин, мандарин, лимон); қуритилган мевалар;). Шарбат ва ичимликлар имкон қадар кичик қадоқда консервантларсиз ва қўшимча моддаларсиз ишлаб чиқариш туридаги витаминли ичимликлар, какао, чой ва ичимлик сувдан ташкил топган бўлиши лозим.
Консервалар (гўштли консерва; консерва овқатлари (гўштли суюқ овқат (рассолник), мол гўштли карам шўрва, мол гўштли гречка каби табиий маҳсулотлар бўлмаганда истисно тарзида); лосос (қизил гўштли балиқ), сайра ёғда, қовурилган скумбрия балиғи; шарбатлар, мева бўлаклари, бақлажон ва қовоқча икраси; стерилланган помидор ва бодринглар.
Нон, ёрма, макарон маҳсулотлари — барча турлари чекланмаган миқдорда.
Мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида соғлом овқатланишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, ўқувчиларнинг сифатли ва соғлом озиқ-овқатлар билан таъминланишини назорат қилиш соғлом авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА