Умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танловининг Самарқанд вилояти босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган танловда туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган 16 жамоа иштирок этди.

Жамоалар танловнинг белгиланган тўрт шарти асосида ўзларининг экологияга оид ҳуқуқий билимлари ва соҳага оид қонунчиликдан қанчалик хабардорликларини ўзаро савол-жавоблар орқали намойиш қилди. Яшаб турган ҳудудларининг экологик ҳолати ва аҳолининг экомаданияти ҳақида маълумот беришди ҳамда юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга доир “Энг яхши экологик лойиҳа”ларини тақдим этди.


Танлов якунига кўра, Каттақўрғон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Жомбой туманидаги 30-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иккинчи ва Самарқанд шаҳридаги 55-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Танловнинг республика босқичи шу йилнинг март ойида Бухорода ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА