Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўқувчиларни қизиқтира олсангиз физика энг яхши фан”
16:40 / 2021-09-30

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган фармонига кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи давлат юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидан 13 нафар фидойи ўқитувчи ва мураббийлар давлат мукофотларига лойиқ кўрилди. Қувонарлиси, Каттақўрғон шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 10-В синф раҳбари, физика фани ўқитувчиси Сайёра Имомова “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвонига сазовор бўлди.

– Шу пайтгача “Халқ таълими аълочиси” нишони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганман, лекин бундай юксак унвон берилишини кутмагандим, – дейди Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Сайёра Имомова. 

– Фармонни эшитиб, қалбим қувонга тўлиши билан бирга жуда катта масъулият, шарафни ҳис қилдим. Аввало, бу мактабимиз педагогик жамоасининг, Самарқанд вилояти халқ таълим тизимининг ютуғи деб биламан. Бизнинг камтарона меҳнатимизни шунчалик улуғлаб, юксак давлат мукофотига лойиқ кўрганлари учун Президентимизга миннатдорлик билдираман. 

Агар юртимизда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа вакилларига ғамхўрлик кўрсатилмаганида, ўқувчи-ёшларнинг ўз билим ва имкониятларини намоён этишлари учун шароит яратиб берилмаганида бу мукофотлар қаёқда эди. Биз яратилган имкониятлардан фойдаланиб, болаларга пухта билим беришга, мактаб таълимини ривожлантиришга озми-кўпми ҳисса қўшяпмиз холос.

34 йилдан буён ўқувчиларга физика фанидан дарс бераётган, шу билан бирга синф раҳбарлигини бажариб келаётган Сайёра опа, айниқса, кейинги йилларда мактаб таълими тизимининг такомиллаштирилаётгани, математика, физика фанлари ва чет тилларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшлар келажагида, замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллашида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Албатта, илм-фан, жамият тараққиётида ҳар бир фан соҳасининг ўз ўрни бор – дейди С.Имомова. – Аммо, аниқ фанларни яхши ўзлаштириш ёшлар учун жуда муҳим деб ҳисоблайман. Дунё педагогикаси ҳам буни тасдиқлайди. Шунинг учун Президентимизнинг математика, физика фанларини чуқурлаштириб ўқитиш керак, деган фикрларини доим қўллаб-қувватлайман. 

Бу фанларни яхши билган ўқувчилар бошқа фанларни ҳам пухта ўзлаштиришларига ишонаман. Қолаверса, бугун информацион технологиялар, техника ривожланган пайтда бу жуда муҳим деб ҳисоблайман. Кўпчилик ўқувчилар, ҳатто ота-оналар ҳам физика фанини ўқиш мураккаб деб ўйлайди. Лекин, аввало ўқитувчининг ўзи фанни пухта ўзлаштириб, ўқувчиларни унга қизиқтира олса, физика энг яхши фан. 

Мен 5-6-синф ўқувчиларига физикани турли ўйин услубларидан фойдаланиб ўтаман, лаборатория машғулотларига жиддий эътибор бераман. Натижада болалар китобда ўқиганини амалий машғулотларда, ўйин воситасида бажариб кўради ва бу бир умр уларнинг хотирасига муҳрланиб қолади. Ана шундай ёндашув туфайли ихтисослашган синфларда ўқувчиларимнинг 90 фоизи, оддий синфларда эса 79 фоизи физикани яхши ўзлаштиради. Ҳар йили фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллайди.

Сайёра Имомова шогирдларининг ютуқларидан фахрланади ва бугун эл ўртасида обрў-эътибор топишида уларнинг ҳам катта ҳиссаси борлигини эътироф этади. Агар шогирдлари берган сабоқларига амал қилиб, яхши мутахассис бўлмаса, жамиятда ўз ўрнини топмаса, устознинг ҳаракатлари бесамар кетгани шу, дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА