Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқувчиларни кераксиз тадбирларга жалб этиш таълим сифатига салбий таъсир қилаяпти
15:01 / 2025-09-10

Бугунги кунда боғча, мактаб, академик лицей, касбий ҳамда олий таълим тизимида ўтказилаётган ҳар бир маънавий-маърифий тадбирларга турлича ёндашилиб келинмоқда. Бу тадбирларнинг номигагина, доимий такрорланадиган тарзда ўтказилаётгани уларнинг самарадорлигини баҳолаш бўйича замонавий ёндашувларнинг йўқлигини кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, таълим ташкилотларида турли идора ва ташкилотлар томонидан келишилмаган тадбирларнинг салмоғи кўплиги аксарият ўқувчиларнинг таълим олишига халал бериб келмоқда. Шунингдек, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришда ягона тизим мавжуд эмас.

Албатта, ўқувчиларни кераксиз тадбирларга жалб этиш таълим сифатига салбий таъсир этмасдан қолмайди. Шу мақсадда, зарурат бўлмаган тадбирларни ўтказишни олдини олишга қаратилган ҳамда боғча, мактаблар учун ягона бўлган ҳар бир ойларни алоҳида номлаш орқали “Маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий иш режаси” ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда ушбу режа асосида боғча ва мактабларда маънавий-маърифий тадбирларни режали тарзда ўтказиш йўлга қўйилмоқда. Энг муҳим жиҳати, бошқа идора ва ташкилотларнинг умумий ўрта таълим мактабларида келишмаган ҳолда тадбирлар ўтказишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб ҳафтанинг ҳар душанба куни “Келажак соати” дарслари ўтиб келинмоқда ва бу дарслар учун соҳа олимлари, экспертлар томонидан дарс сценарийлари ишлаб чиқилди, видеоконтент маҳсулотлари тайёрланди.

Бунда асосий эътибор, ўқувчилар онгига ижтимоий-сиёсий янгиликлар, миллий қадриятлар сингдирилиб, уларда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси уйғотиб борилади, ўқувчиларга мустақил фикрлаш кўникмалари ўргатилади. Барча ишлаб чиқилган методик материаллар “milliytarbiya.uz” электрон платформасига рақамли контент шаклида жойлаштириб борилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик сифатида “Боғча – мактаб – олийгоҳ” тизими асосида ягона ғоявий тарбия концепцияси амалиётга татбиқ этилмоқда. Бунда боғча тарбиячилари, мактаб ўқувчилари ҳамда олийгоҳ талабалари учун тизимли ягона ғоявий тарбия тизими яратилади ҳамда унинг узвийлиги таъминланади.

Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришга кўмаклашиш борасида ягона вертикал тизим жорий этилади. Бунда “Баркамол авлод” болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда “Ëшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида “Келажак” марказлари ташкил этилади. Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари “Келажак” марказлари ҳузурида замонавий “Болалар сайёҳлик базалари” ташкил этилади.

Ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири, ўқувчиларда замонавий ва талаб юқори касбларга қизиқиш уйғотиш, интерактив таълим муҳитини шакллантириш орқали болаларнинг илмий, техникавий, ижодий ва спорт йўналишидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат. 

“Келажак” марказлари ихтисослаштирилиб, уларда Президент ва Ижод мактабларига тайерлов, STEM, илм-фан, инклюзив (актёрлик маҳорати, медиасаводхонлик, замонавий дизайн), хорижий тиллар ва шахмат тўгараклари фаолияти амалга оширилади. Барча ишлаб чиқилган методик материаллар “milliytarbiya.uz” электрон платформасига рақамли контент шаклида жойлаштириб борилмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА