Андижонда “Ўқувчиларни касбга йўналтиришнинг замонавий механизмларини ривожлантиришда фан ва мактаб ҳамкорлиги” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 13 февраль куни ижтимоий соҳага масъул раҳбарлар иштирокида ўтказган йиғилишида мамлакатимизни олға бошловчи, ислоҳотларни амалга оширувчи асосий куч бу – билимли ва соғлом авлод эканлиги, шу боис, таълим тизимининг барча босқичлари ислоҳ қилиниб, изчил ривожлантирилиши, асосий эътибор сифатга қаратилиши, 2023 йилдан бошлаб, ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг энг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим вазифалар, ташаббусларни белгилаб берган эди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, қолаверса, юртбошимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий тадқиқот институти ва Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида семинар ташкил этилди. Унда туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мутахассислари, умумтаълим мактаблари психологлари, касбий таълим фани ўқитувчилари иштирок этди.
[gallery-10717]
Семинарда ҳар бир мактабда ўқувчиларнинг, айниқса, битирувчиларнинг пухта билим олиши, бирор касб-ҳунарни эгаллаши, уларни ҳаёт мактабига тайёрлаш учун зарур шароитларни яратиш, таълим сифатини янада ошириш, мазкур йўналишдаги муҳим вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуманда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти профессор-ўқитувчилари, докторант ва тадқиқотчилари томонидан ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтиришнинг илмий асослари, афзалликлари, замонавий механизмлари, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича маърузалар ўқилди.
Семинарда мактабларда ўқувчилар билан кўпроқ ишлаш, сифатли таълим бериш ҳамда битирувчиларни ҳаёт мактабига тайёрлаш, келгусида уларнинг жамиятда муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш ва бу борадаги муҳим вазифалар юзасидан зарур тавсиялар берилди. Таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Соҳа мутахассислари, ўқитувчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини янада бойитишга хизмат қилган семинар доирасида ижодкор ўқувчиларнинг “Мен севган касб” мавзусидаги мусаввирлик ҳамда ижодий ишлари кўргазмалари намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА