Ўқувчиларга тез тиббий ёрдам кўрсатилди
Жорий йилнинг 11 январь куни Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган абитуриентлардан 20 нафари саломатлиги ёмонлашгани сабабли зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
Вилоят ҳокимининг тезкор топшириғига кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилган ва ҳодиса жойига етиб борилган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган.
Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча 20 нафар беморнинг аҳволи яхшиланган. Улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган. Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилган.
Беморлардан тегишли қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилган. Экспертиза натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.