Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқувчилардан топилган таъсир этувчи дорилар, жароҳат етказувчи қуроллар ва уюштирилаётган жанжаллар  – ҳаммаси тарбияга боғлиқ
16:08 / 2024-02-21

Давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш ва таълим жараёнини такомиллаштириш зарурлигини қайта ва қайта таъкидлаб, мактабларга барчани биргаликда киришга чақирди.

Шу ўринда савол туғилади: нима учун мактаб таълими зарур, болаларни тарбиялаш, уларни таълимга йўналтириш ва ўқитувчиларга ҳурматини оширишда жамият ва барча тузилмаларнинг иштироки нақадар муҳим?

Маълумки, Президентимиз томонидан бу борада Миллий гвардия зиммасига ҳам аниқ вазифалар юклатилди.

Ижтимоий тармоқларда эса Миллий гвардия томонидан мактаб дарсларидаги давоматни назорат қилиш юзасидан муҳокамалар давом этмоқда.

Ким қандай фикрда? Шу ўринда интернет фойдаланувчилари томонидан билдирилган изоҳларга эътибор қилиб, бу юзасидан Миллий гвардия масъул вакилларининг фикрларига қизиқдик. 

“Нима учун куч тузилмаси болаларни назорат қилиши керак? Яхшиси, кўчалардаги тартибни таъминласин”, дейилади изоҳлардан бирида.

Зафар АЛИМОВ, Миллий гвардия марказий девони Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи:

– Таъкидлаш жоизки, Миллий гвардия ўзининг ҳуқуқий мақомига кўра, нафақат Қуролли Кучлар қўшинларининг махсус тури, балки жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасида алоҳида ҳуқуқни муҳофаза қилиш функцияларига эга тузилмадир. Жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш Миллий гвардиянинг асосий вазифалари бўлганлиги сабабли (“Миллий гвардия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддаси), ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни, шу жумладан, вояга етмаганлар томонидан содир этилганларини аниқлаш ва олдини олиш ҳам Миллий гвардия вазифалари доирасига киради.

Шу ўринда маълумот сифатида айтадиган бўлсак, 2024 йилнинг январь ойида жиноий жавобгарликка тортилган 133 нафар вояга етмаганларнинг 81 нафари, яъни 61 фоизини мактаб ўқувчилари ташкил этади.

Болалар содир этган жиноят турлари таҳлил қилинса, ўқувчилар ҳуқуқбузарликларни асосан мактабда дарсларда бўлиши керак бўлган вақтда содир этганликлари маълум бўлди. Мисол учун, безорилик (17), талончилик (4), транспорт воситаларини ўғирлаш (4), ўғрилик (53), зўравонлик (1), фирибгарлик (7), оғир тан жароҳати етказиш (1). Шу билан бирга, юқорида айтиб ўтилган жиноятларнинг энг кўп содир этилган жойи жамоат жойлари: кўчалар, боғлар, бозорлар ва бошқа савдо шохобчалари, шунингдек, кўнгилочар масканлар бўлган.

– Ўсмирлар мактабга совуқ қурол-яроғлар билан ҳам келиши ҳолатлари кузатиладими?

– Баъзи ўсмирлар мактабга бутун қурол-яроғ арсенали билан келишади. Йил бошидан бери мактаб ўқувчиларидан 350 га яқин пичоқ, кастет ва бошқа соғлиққа жиддий зарар етказиши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин бўлган нарсалар олинди.

Мактаб ўқувчиларида нафақат тамаки маҳсулотлари, снюслар, балки кучли таъсир қилувчи дори препаратлари ҳам топилган. Болалар ўзбошимчалик билан, баъзида ота-оналари рухсати билан ҳам автомобилларни олиб, кўчаларда пойга уюштиришади. Мактаб ўқувчилари ўртасида айнан таълим муассасаси ҳудудида уюштирилаётган жанжаллар ёки уларнинг ота-оналари томонидан ўқитувчиларни ҳақорат қилиш, калтаклаш ҳолатлари тўғрисидаги хабар ва видеолар пайдо бўлмоқда.

– Болалар ўқитувчиларга ва атрофдаги бошқа одамларга қандай ҳолларда ҳурматсизлик кўрсатаётгани кузатилмоқда? 

Даврон ЖУМАНАЗАРОВ, Миллий гвардия марказий девони Ахборот хизмати бошлиғи:

– Аввало, ижтимоий тармоқлардаги бир изоҳга эътибор қиламиз: “Баъзи ўқитувчилар иш жойини ўзгартириш ҳақида ўйлашларини тан олишади, чунки болаларни бошқариб бўлмайди, синфга киришдан қўрқишади, болалар ва уларнинг ота-оналари тажовузкорлиги, қўполлигига қарши тура олишмайди,  кўпчилик, ҳатто ота-оналар йиғилишига келмайди. Ота-оналарга фарзанди дарсларни бузиши, дўқ қилишини айтгандим, бунга жавобан менинг ёмон ўқитувчи эканлигим, саккизинчи синф ўқувчисига ёндашув топа олмаётганимни айтишди”.

Самарқанд мактабларидан бирининг ўқитувчиси ҳам Миллий гвардия томонидан мактабларда давомат текширилишини қўллаб-қувватлади.

“Мен Самарқанддаги мактаблардан бирида ишлайман. Албатта, биз бу масалага Миллий гвардияни қўшишимиз керак бўлган вазиятга тушганимиз аянчли. Аммо шу кунларда шахсан менинг синфимда давомат яхшиланди. Ота-оналарга бу нарсани етказиш қийин, йиғилишга саноқлилари келади. Болаларнинг ўқиши ёки тарбиясига оид эътирозларимизга эътибор ҳам беришмайди. Кўп мактабларда нима бўлаётганини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Шанба кунлари 10 нафар ўқувчи мактабга келмайди. Сиз эса ҳеч нарса қила олмайсиз! Ўқишни хоҳлашмайди. Саноқлилари ўз келажаги учун ҳаракат қилишади. Мен билимга чанқоқ бўлган 5-6 нафар ўқувчи учун дарсларга бораман. 35 нафар ўқувчидан 5 таси, бу – денгиздаги томчи! Мени болалар эмас, балки уларнинг ота-оналари ҳайратда қолдиради». Мана шундан хулоса қилсак бўлади.

– Ўқувчилар муаммоси ота-оналарининг муаммоларига асосланганми?

Ирода АРИФХОЖАЕВА, Миллий гвардия Психологик таъминлаш маркази бошлиғи:

– Болаларнинг психологик жароҳатлари, тенгдошлари ва катталар билан муносабатлардаги муаммолари,  гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиши ва умидсизлиги ота-она томонидан болага бўлган муносабат оқибатидир. Кўпинча биз ўсмирларда юқори талабларни, ноодатий яхшилик, моддий ёрдам кутиш, ўзларининг қобилиятлари ва имкониятларига мутаносиб бўлмаган умидларни кузатамиз. Бу ҳам оилавий тарбиянинг натижасидир, аниқроғи, унинг йўқлиги. Болалар бемаъни сериалларни, интернетдаги видеоларни томоша қилишади, у ердаги қаҳрамонлар ҳамма нарсага эга, машҳурлик, пул ва ижтимоий мавқе. Аммо бу сериалларда инсон ўзида мавжуд бўлган имкониятларга эришиш йўлини кўрсатишмайди. Ота-оналар фарзандларига муваффақиятнинг меҳнати оғир, машаққатли, аммо тотли эканлигини тушунтиришмайди. Кўпчилик инсонлар болалари бошқалардан кам бўлмасин деб, шунчаки уларнинг талабларини қондиришади.

Муаммолар эса кейинчалик эмас, дарҳол бошланади: синфдошларга бўлган ва уларининг бу болага бўлган муносабати ўзгаради. Бундан ташқари, шундай ота-оналар ҳам борки, улар фарзандлари олдида ўзларини кўрсатишади, атрофдагиларга, ўқитувчиларга қўпол муносабатда бўлишади. Оқибатда, бола нотўғри тарбия олади, ўзини ўйлайдиган, худбин бўлиб ўсади. Миллий гвардиянинг вазифаси ҳам айнан шундай оилалар билан ишлашдир. Негаки, уларда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, болаларни асраб олган ёки ўрнини босувчи оилалар билан психологик ва психокоррекция ишлари бўйича тажриба бор, механизм, воситалар ва ресурслар ҳам мавжуд.

– Ўқитувчиларга ҳурматсизлик муаммосини хорижий давлатлар билан солиштириб кўрганмисиз?

Зафар АЛИМОВ, Миллий гвардия марказий девони Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи:

– Албатта, масалан, Жанубий Кореяда ўқитувчилар 2014 йилда қабул қилинган "Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга қарши норозилик билдиришди. Чунки қонунга кўра болаларга қарши зўравонликда айбланган ўқитувчилар зудлик билан ишдан озод этилади. Намойишларга Сеул мактабларидан бирида 23 ёшли бошланғич синф ўқитувчисининг ўз жонига қасд қилиши туртки бўлди.

Ота-оналар "Болаларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонундан фойдаланадилар ва ўз фарзандларининг нотўғри хатти-ҳаракатлари ҳақидаги сўзларни ёмон қабул қилишади. Баъзида эса ўқитувчини ҳаддан ташқари шафқатсизликда айблаб, ёлғон ахборот беришади. Натижада 2023 йилнинг август ойида ўқитувчиларни ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан қўпол муносабатда бўлишидан ҳимоя қилувчи қонун қабул қилинди.

Мамлакатимизда ҳам “Педагог мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши ўқитувчиларни ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. Яъни ўқитувчининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши кафолатланади (3-модда), 6-моддада эса “Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан ўқитувчи касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш ҳуқуқи тартибга солинган.

Шу тариқа Миллий гвардия учун бошқа жисмоний ва юридик шахслар сингари ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун билан ҳимояланган манфаатларини ҳимоя қилиш бевосита вазифадир (“Миллий гвардия тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси).

– Аслида ота-оналарнинг фарзандларини тарбиялаши ва ўқитиш учун жавобгар эканлиги янгилик эмас... Аммо негадир бунга амал қилиш ҳолатларида сусткашликлар учрайди...

– Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасига асосан “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга”, 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.

Қонунда назарда тутилган жазо чораларига келадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисмида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қилган ҳуқуқбузарликнинг оғирлигига мутаносиб равишда модданинг жазо чоралари ҳам кучайтирилади. Шундай қилиб, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болалар учун мажбурий бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима билан чекланмайди. Бу иш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Хорижий мамлакатларда фарзандларининг дарс қолдираётгани учун ота-оналарга бўлган талаб янада қаттиқроқ. Масалан, Буюк Британияда ота-оналар фарзандларини таътилдан ташқари маълум кунларда мактабдан олиб кетганликлари учун 60 фунт стерлингдан 2500 фунт стерлинг (940 минг сўмдан 40 миллион сўм)гача жаримага тортилиши мумкин. Агар улар 21 кун ичида тўланмаса, жарималар миқдори ошади. 28 кундан кейин эса жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Австрияда мактаб таълими 6 ёшдан 15 ёшгача мажбурийдир. Агар мактаб маъмурияти ўқувчининг кетма-кет уч кундан ортиқ дарсларни сабабсиз қолдирганлигини қайд этса, ота-оналар 110 дан 400 еврогача (деярли бир ярим миллион сўмдан 5,5 миллион сўмгача) жаримага тортилиши ёки икки ҳафтагача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Ҳеч қандай сабабсиз уч кундан ортиқ дарсларни ўтказиб юбориш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши мумкин.

Францияда боланинг йўқлигини оқлай олмайдиган ёки бу ҳақда ёлғон гапирган ота-оналар 135 евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Агар дарсларга келмаслик боланинг таълимини хавф остига қўйса, ота-оналар икки йиллик қамоқ жазосига ва 30000 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Германияда мактабда ўқиш 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган барча болалар учун мажбурийдир. Ота-оналар директорнинг рухсатисиз болаларни мактабдан олиб кетгани учун жаримага тортилиши мумкин. Такрорий ҳуқуқбузарликлар жиддий жавобгарликка сабаб бўлади. Жарималар Германия федерал штатига боғлиқ, Бременда кунига 35 евродан, Берлинда 2500 еврогача бўлиши мумкин.

Голландияда боланинг дарс қолдиргани учун ота-оналарига кунига 100 евро, ҳар бир оилага бир ҳафта учун 600 еврогача, икки ҳафта учун эса 900 евро миқдорида жарима солиниши мумкин.

Испанияда мактабга бормаслик жарималарга, уч ойдан олти ойгача қамоқ жазосига ва ўта оғир ҳолатларда ҳатто ота-она ҳуқуқларидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин.

Изоҳлардан бирида“Таълим жараёнини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш керак”, дейилган эканБунинг учун нималар қилинмоқда?

– Давлатимиз раҳбари таълим сифатини оширишга катта эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз таълим сифатини ошириш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди.

Ўтган ҳафта катта илмий ва амалий тажрибага эга мутахассисларни бирлаштирган Проект идораси ташкил этилди. Идора Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази билан биргаликда халқаро стандартлар асосида мактабларда математика, физика, кимё, биология ва чет тиллари бўйича ўқув режалари ва дастурларини янгилайди. Ўқувчилар ва ўқитувчилар билимини баҳолашда халқаро тажриба (PISA, TIMSS, PIRLS) босқичма-босқич жорий этилади.

Яна мингта мактабда Президент мактабларининг ўқув дастурлари жорий этилади. Шу тариқа уларнинг моддий-техник базаси яхшиланади. Чет тилларида сўзлашувчиларни мактабларга жалб этиш амалиёти кенгаяди.

Шунингдек, мазкур йиғилишда Президентимиз мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш бўйича вазифаларни белгилаб, дарслардаги давоматга, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, ота-оналар ва маҳалла раисларининг бу борадаги масъулиятини ошириш орқали “Мактаб – ота-она – маҳалла” занжирини мустаҳкамлаш чоралари кўрилиши таъкидланди.

“Ушбу ташаббуслар йўлга қўйилса, мактаб таълими бўйича ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади”, деган эди Президент.

Халқимиз томонидан айтилган “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол замирида улуғ ҳақиқат ётади. Буни англаган ҳар бир ота-она фарзандининг таълим-тарбиясига янада кўпроқ эътибор бериши лозимлигини тушунади. Глобаллашган дунёда эса бу энг муҳимдир.

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.