Андижонда “Янги Ўзбекистон” университети профессор-ўқитувчилари томонидан умумтаълим мактаблари битирувчилари учун маҳорат дарси ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Янги Ўзбекистон университети ўртасидаги ҳамкорлик доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг фаол, иқтидорли, хорижий тилларни ўзлаштирган битирувчи ўқувчилари иштирок этди.
Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида ташкил этилган маҳорат дарсида “Янги Ўзбекистон” университети ўқитувчилари Фарҳод Эшматов ҳамда хорижлик мутахассис Ксияжун Чен қизиқарли маърузалари билан қатнашди.
[gallery-22039]
Маърузаларда юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар, таълим, хусусан, олий таълим тизимига қаратилаётган эътибор, бу борадаги халқаро тажрибалар, илғор хорижий ўқитиш услубларини амалиётга жорий этиш, мазкур йўналишда Янги Ўзбекистон университетида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, иштирокчиларга Янги Ўзбекистон университети, мавжуд таълим ихтисосликлари, ўқитиш жараёнлари, талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
– Маҳорат дарсида қатнашиб кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби битирувчиси Жамолиддин Абдувалиев. – Янги Ўзбекистон университети, қатор илғор хорижий давлатларнинг таълим тизими ҳақида кенг маълумотлар олдик. Бу албатта, бизга келгусида қайси олийгоҳларда ўқишни давом эттиришимизни белгилаб олишга ёрдам беради.
Асосан инглиз тилида, қизиқарли мулоқот тарзида ўтган маҳорат дарси давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари