Болани ўқувчилик йилларидан бошлаб бирор касбга йўналтириш, қизиқишларини ошириш келажакда ижобий самара беради. Шу мақсадда Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактаб-интернати ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари “Uzbekistan GTL” заводига ташриф буюрди.
Ўқувчилар Uzbekistan GTL заводининг марказий лабораторияларида бўлиб, у ердаги иш жарёнини томоша қилди.
- Таассуротларимиз чексиз, - дейди Тошкент шаҳридаги Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Салоҳиддин Баҳромов. – Кун даводи заводда ишлайдиган ишчилар каби биз ҳам амалиёт жараёнини бевосита кузатдик. Улар нафас олган ҳаводан нафас олдик, ошхонадан овқатландик. Ишчилар учун барпо қилинган ётоқхоналарда дам олдик. Ҳаммаси ажойиб. Очиғи менга заводда ишчиларга яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, ишлаб чиқариш жараёни жуда ёқди. Келгусида мен нефти-газ соҳасида пухта билим олиб, мана шундай йирик саноат корхоналарида ишлашни кўнглимга тугиб қўйдим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, қарорга мувофиқ, ўқувчи ва талабаларни бевосита ишлаб чиқариш амалиётига кенг жалб қилиш ҳамда уларда амалий кўникмаларни шакллантириш таълим кластерининг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланган.
[gallery-8900]
- Мамлакатимиз раҳбарининг таълим ишлаб чиқариш кластери ташкил этиш ҳақидаги қарори ижросини таъминлаш ҳамда яқинда ўтказилган “Ўзбекнефтгаз” бошқарув раисининг мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида берган топшириқларининг мантиқий давоми сифатида бугун Тошкент ва вилоятимизнинг Ғузор туманидаги ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун “Uzbekistan GTL” заводига экскурсия ташкил этилди, - дейди “Uzbekistan GTL” компанияси персонал бошқариш бўлими бошлиғи Элёр Мўминов. - Бундан кўзланган мақсад, ўқувчиларни заводимизда яратилган шароитлар билан таништириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда нефтигаз соҳасига бўлган қизиқишини ошириш, касбга йўналтиришдир.
Энг муҳими уларнинг кўпчилиги кимё йўналиши бўйича ихтисослашган мактабда таълим олишар экан. Шу боис бугунги тадбир ҳар жиҳатдан ўқувчилар учун аҳамиятли бўлди деб ўйлайман.
Ўқувчилар Uzbekistan GTL заводи бўйлаб автобусда экскурсия қилди. Мутахассислар завод фаолияти ҳақида уларга батафсил маълумот бериб ўтишди.
- Заводларга саёҳатимиз давомида қайсидир маънода мактабимизда кимё фани бўйича олган назарий билимларимизни мустаҳкамлаб олдик, - дейди Ғузор туманидаги 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Фарангиз Мейлиева. – Масалан, мактабимиздаги лаборатория кичик, ҳар қандай кимёвий рекцияларни ўтказишга имкон кам. Бу ерда эса ҳақиқий лаборатория фаолияти билан танишдик. Таассуротларимиз бир олам.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА